Жаҳон | 11:43 / 28.07.2022
12356
3 дақиқада ўқилади

АҚШда собиқ республикачилар ва демократлар учинчи йирик партияни тузмоқда

Ўнлаб собиқ республикачилар ва демократлар АҚШдаги мавжуд икки партиявий тизимни ўзгартириши мумкин бўлган марказий позицияга эга «Олдинга» партиясини тузди.

Фото: forwardparty.com

АҚШдаги тарихий икки партиявий тизим учинчи йирик сиёсий партияни тузиш орқали ўзгартирилиши мумкин. Бир неча ўнлаб таниқли республикачилар ва демократлар 28 июль, пайшанба куни «Олдинга» («Forward») номли янги партия ташкил этилгани ҳақида эълон қилади, деди унинг таъсисчилари Reuters агентлигига.

Уларнинг сўзларига кўра, янги сиёсий куч ҳозирча аниқ кун тартибига эга эмас, аммо марказий партия сифатида ўзини намоён қилишни режалаштирмоқда. «Америка олдида турган катта муаммоларни қандай ҳал қилмоқчимиз? Сўлга ҳам, ўнгга ҳам эмас, фақат олдинга», - дея хабар берди сиёсатчилар. Партия дастурининг асосий пунктлари «адолатли, фаровон иқтисодиётни қайта тиклаш», шунингдек, «америкаликлар учун кўпроқ танлов имконияти, амалдаги ҳукуматга кўпроқ ишонч ва келажак ҳақида кўпроқ ўз фикрларини билдириш учун имкон беришдан иборатдир», деб таъкидлайди Reuters. 

Партия учта ташкилотнинг иттифоқига асосланади. Улардан биринчиси - 2021 йилда Роналд Рейган, катта Жорж Буш, кичик Жорж Буш ва Доналд Трамп маъмуриятларидан бўлган собиқ республикачилар томонидан ташкил этилган Renew America Movement («Американи янгилаш») ҳаракати. Иккинчи аъзо - Демократик партиядан президентликка собиқ номзод Эндрю Янгнинг «Олдинга» партияси (Forward Party). Бундан ташқари, собиқ республикачи конгрессмен Дэвида Жолли атрофидаги собиқ республикачилар, демократлар ва мустақил сиёсатчилардан иборат Serve America Movement («Америкага хизмат қил») ҳаракати янги сиёсий кучда иштирок этмоқда. 

Янги партия таъсисчилари 2023 йил охиригача 30 та штатда, 2024 йил охиригача эса барча 50 та штатда уни рўйхатга олиш ва сайловларда қатнашиш имкониятига эришиш ниятида. 

XIX аср ўрталаридан бошлаб АҚШ сиёсий ҳаётида фақат иккита йирик партия – Демократик ва Республикачилар муҳим аҳамиятга эга бўлган, қолган сиёсий кучлар фақат бир неча ҳолатда сиёсий ҳаётга сезиларли таъсир кўрсата олган. Улардан бири 2000 йилда юз бериб, ўшанда Ральф Нейдер «Яшиллар» партияси номзоди сифатида президентлик сайловида қатнашган ва 3 миллион овоз (2,74 фоиз) олган. Тахминларга кўра, унга берилган овозлар республикачи номзод Жорж Бушга ғалаба қозонишда ёрдам бериб, овозларни демократ Альберт Гордан тортиб олган. 

Айни пайтда, 2021 йилда Gallup институти сўрови шуни кўрсатадики, рекорд рақам - америкаликларнинг учдан икки қисми - мамлакатда учинчи йирик партияга эга бўлиш зарур деб ҳисоблайди. 

Мавзуга оид