Президентнинг “Миллий гвардия спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Миллий гвардиянинг спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабини “Динамо” жисмоний тарбия-спорт жамияти таркибига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Миллий гвардия қўмондонига “Динамо” жисмоний тарбия-спорт жамияти тузилмасига умумий штат сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.
Белгилаб қўйилишича:
- спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби Миллий гвардия “Динамо” жисмоний тарбия-спорт жамияти ҳузуридаги спорт комплексига тегишли бинолар ва иншоотлар бир қисми негизида белгиланган тартибда бепул ижара асосида (коммунал хизматлари бундан мустасно) эркин ва юнон-рум кураши бўйича ёш истеъдодли курашчиларни танлаб олиш ва тайёрлаш билан шуғулланадиган олий спорт натижаларига йўналтирилган муассаса сифатида фаолият юритади;
- спортчилар турар жой, тўрт маҳал овқат, спорт экипировкаси, махсус кийим-бош, спорт ускуналари ва анжомлари билан таъминланади;
- спорт мактаби ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг “Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этади;
- спорт мактабида ўқувчи-спортчилар контингенти, уларнинг вазн тоифаларини ҳисобга олган ҳолда, 60 нафардан иборат этиб белгиланади ҳамда таълим олиш муддати спортчи Ўзбекистон терма жамоаси асосий (ёки захира) таркибида бўлган давр мобайнида давом этади;
- спортчи лавозимга спорт мактаби ўқувчи-спортчилар контингенти орасидан қабул қилинади;
- спорт мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш умумий контингентидан келиб чиққан ҳолда йил давомида амалга ошириб борилади;
- спорт мактабида ўқув-машқ жараёнининг давомийлиги ва даврийлиги спорт мусобақалари тақвими ҳамда ўқувчи-спортчилар ҳар бир гуруҳи учун якка тартибда спорт тайёргарлиги даври ҳисобга олинган ҳолда спорт мактаби раҳбарияти томонидан белгиланади.










