Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ШҲТ доирасида миллий валютадан фойдаланишни кенгайтиришга доир йўл харитаси маъқулланди — Лавров
29 июл куни Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида “Ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валютадан фойдаланишни кенгайтириш тўғрисида”ги йўл харитаси маъқулланган. РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавровга кўра, бу ҳужжат 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўладиган давлат раҳбарлари саммитида тасдиқланиши мумкин.
Лавров вазирлар кенгаши йиғилишидан сўнг ташкил қилинган брифингда ШҲТ давлатлари АҚШ долларидан воз кечиши борасидаги саволга жавоб берди.
“Буни ШҲТга аъзо бўлган давлатларнинг ўзи ҳал қилиши керак. Долларга таяниб ўзини қанчалик қулай ҳис қилиши, ушбу валютанинг ишончлилиги ҳамда суиистеъмол қилиниши ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда. Америкаликлар буни қатор давлатларда бир неча маротаба ишлатишган.
Ишончим комилки, ШҲТ давлатларининг таҳлил марказлари [доллар билан боғлиқ] вазиятга баҳо бериб, хулоса қилади ҳамда ўз манфаатларидан келиб чиқиб амалий қадамлар ташлайди. Бугун давлат раҳбарлари [тасдиқлаши] учун маъқулланган йўл харитаси ҳам вазият қай томонга кетаётганини кўрсатиб турибди”, – дея Россия ташқи ишлар вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг ШҲТ бўйича миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида миллий валюталар орқали савдога ўтиш масаласи бир неча йиллардан буён кўтариб келинаётгани, лекин бу борада якуний тўхтамга келинмаганини таъкидлаган эди.
“Махсус бир режа устида иш олиб борилмоқда. Бу қанақадир якуний ҳужжат эмас, буни ишчи дастур десак ҳам бўлади. Бу дастур ҳамон томонлар ўртасида экспертлар даражасида муҳокама қилинмоқда”, деганди тадбир доирасида интерю берган Ўзбекистон вакили.