“Ишнинг ярми ҳақида хабар бериб, ярми ҳақида хабар бермаслик одамларни бошқа томонга бошлаб кетади. [Ижтимоий тармоқларда] фақат 140-модда билан, вилоят ҳокимини ҳақорат қилгани учун қамаб қўйилди дейиляпти, қолгани йўқ. Ўртоқлар, инсоф бўлиши керак-да энди. Ишнинг 158-моддаси ҳам бор”, – деди суд раиси 30 июл кунги матбуот анжуманида.
Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилишни назарда тутади. Бунинг учун 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Андижон туманида яшовчи фуқаро TikTok'да давлат раҳбаридан ташқари вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновни ҳам ҳақоратлагани айтилмоқда. Бу ҳолат Жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисми (ОАВ ёки интернет орқали ҳақорат қилиш) билан малакаланган. Маълумот учун, икки йил олдин бу моддадаги озодликдан маҳрум қилиш санкцияси олиб ташланган.
Талъатжон Мелибоев суд ҳукми 7 июл куни чиққани, лекин ҳали қонуний кучга кирмаганини маълум қилди.















