“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан Шўртан газ-кимё мажмуасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, журналист ва блогерлар иштирокида 2022-2023 йиллар учун маҳсулот ва хизматлар эҳтиёжи тақдимоти ўтказилди.

Айтиш жоиз, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 11 март куни ўтказилган йиғилиш давомида берилган топшириқлар асосида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллийлаштириш, импортни қисқартириш ҳамда саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш йўналишида янгича тартибда ишлар ташкил этилмоқда.
Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан илк марта етакчи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, журналист ва блогерлар иштирокида “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарининг 2022-2023 йиллар учун маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материаллар ҳамда хизматларга бўлган эҳтиёжлари тақдимот қилинди.


Дарвоқе, бир муддат олдин Меҳриддин Абдуллаев ўзи раҳбарлик қилиб келаётган тизимнинг ҳамма учун очиқ бўлишига ҳаракат қилаётганини билдириб, “битта мих харид қилсак ҳам очиқ бўлсин, халқ кўриб турсин”, деганди.
Тармоқ флагмани бўлган Шўртан газ-кимё мажмуасида ўтказилган мазкур тадбирга 150 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, 20 дан ортиқ журналист ва блогерлар таклиф этилди.
Тадбирда дастлаб "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг 2022 йил учун товарларга бўлган эҳтиёжлари тўғрисида маълумот берилди. Жорий йилда тизим корхоналари томонидан 1,9 трлн сўмлик маҳсулотлар хариди амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб (хизматлардан ташқари), шундан 520 млрд сўм – жорий таъмирлаш ишлари, 54,2 млрд сўм – қудуқларни таъмирлаш, 619 млрд сўм – бурғилаш ишлари, 742 млрд сўм излов қидирув ишлари доирасида йўналтирилади.



















