Kun.uz ижодий гуруҳи воқеа аслида қандай рўй бергани хусусида суриштирув ўтказди.

Самарқанд тумани Янгиариқ маҳалласи ҳудудида жойлашган айланма йўл ёқаси 10 йиллардан буён мардикор бозор бўлиб келган. Бир томонда эркаклар, бир томонда аёллар йўл четида туришади. Эркаклар турли оғир ишларга жалб қилинса, аёллар асосан қишлоқ хўжалиги ишлари, тозалаш супуриш-сидириш ва ҳоказо юмушларга олиб кетилар экан.

Маълум бўлишича, пастдарғомлик йигитлар эрталаб «Газел» машинасида қишлоқлардан ёш-қари аёлларни шу ерга кунлик ишга олиб келиб, кун қорайганда олиб кетишаркан. Улар «бригадир» деб аталаркан. Бригадирлар орасида аёллар ҳам бор.

Шунингдек, бозорга ўзи иш излаб чиққан эркак ва аёллар ҳам бор. Жанжал шу ердаги мардикор аёллар гуруҳи ичидаги келишмовчиликдан келиб чиққан.

Воқеа 21 июл куни соат 17:00 лар атрофида рўй берган. Асли Паст Дарғом туманидан бўлган, Кимёгарлар қўрғонида ижара уйда яшовчи Ш.И. ва Х.И. исмли 33 ва 25 ёшли опа-сингилни гўёки ўша «Газел»да аёлларни олиб келувчи «бригадир» аёллардан бири ҳақорат қилган. Ўртада чиққан жанжалдан сўнг опа-сингиллар у аёлни М37А йўлидаги «Газел»лар турган жойгача таъқиб қилиб боришган.

«У «бригадир» аёл мени қаттиқ ҳақорат қилди. Кейин биз уни «Газел»лар турган жойгача қувиб бордик. У йўл четида турган икки «Газел»дан бири ичига яширинди. Машинага чиқмоқчи бўлсак «машинамга қадамингни босиб ҳаром қилма» қабилида яна ҳақоратлар эшитдик, бизни туртиб, уриб ташлашди. Ҳа, сўнгра жаҳл устида тош отдик машиналарга», — деди Ш.И.

Интернетда дўппосланаётгани тасвирланган опа-сингиллар Қарши шаҳрига элтувчи таксилар турадиган автотураргоҳдан тош олиб, иккита «Газел»нинг ойналарини тўкиб ташлашган. Машина ҳайдовчиларидан бири ва дастлаб ўша ердаги жанжални ажратишга уринган йигитча ўзларига ёпишаётган опа-сингилларни итариб ташлаб, сўнгра ҳақорат эшитгач, уларни ура бошлашган. Сингил Х.И. еган зарбалари таъсирида ҳолдан тойиб, қуруқ ер устида ётиб қолган.

«Газел» минибусларидан бирини ижарага олиб ҳайдовчи Зоҳиднинг айтишича, машина ойналарини алмаштириш унга 9,6 миллион сўмга тушган. Ҳозир минибуслар суриштирув ишлари тугагунга қадар жарима майдончасига киритиб қўйилган.