Ўзбекистон | 15:50 / 06.08.2022
13468
3 дақиқада ўқилади

“Саволларимиз очиқ қолди” — Абдураҳмонов 2,6 млрд сўмга баҳоланган Янги Ўзбекистон стратегиясининг ташвиқот лойиҳаси ҳақида

Жамоатчилик танқидларидан келиб чиққан ҳолда, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобининг мобил иловаси, ўқув қўлланмаси, мажмуаси ва луғатини яратиш, бунинг учун хорижга хизмат сафарлари ташкил этиш мақсадида сўралаётган 2,6 млрд сўм маблағ ажратилиши эҳтимоли кам. Бу ҳақда инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов маълум қилди.

Фото: АОКА

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобини оммалаштириш бўйича депутат Акмал Саидов бошчилик қилаётган лойиҳага 2,6 млрд сўм сўралаётгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

2 август куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъати (маблағ ажратувчи) йиғилишида вазир Иброҳим Абдураҳмонов лойиҳани танқид қилганди.

Абдураҳмонов 4 август кунги матбуот анжуманида бу борада қўшимча маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилмоқда.

Вазирнинг айтишича, ҳозир лойиҳалаштиришнинг янги тизими йўлга қўйилган. Вазирликка юборилган лойиҳалар бир неча босқичда текширилиб, кейин молиялаштириш масаласида қарор қабул қилинади.

“Бу жойда манфаатлар тўқнашуви жуда ҳам катта. Ўзбекистонда барча олимлар бир-бирини яхши танийди ва бир-бирига хулоса бериши жуда ҳам қийин. Шунинг учун бизда занжирларни узган жойимиз бор. Лойиҳа илмий экспертиза, техник экспертиза, илмий кенгашлар ва жамоатчилик кенгаши муҳокамасидан ўтади”, – деди у.

Абдураҳмоновга кўра, 1-босқич – техник экспертиза рақамлаштирилган бўлгани учун ундан ҳар қандай лойиҳа ўтади. Кейинги босқич илмий экспертиза бўлиб, бунда лойиҳани икки киши текширади. Бу субъектив текшириш бўлгани учун, лойиҳа кейинги босқичда илмий кенгашга ташланади. 25-31 аъзодан иборат илмий кенгашдан ўтса, кейин вазирлик ҳайъатида кўрилади.

“Вазирлик ҳайъатида менинг иштирокимда кўрилади. Ўша лойиҳани ҳам ҳали молиялаштирмадик. Уни, мана, илмий кенгашнинг раиси, қўшма кенгашдан ўтказганмиз. Улар бизга буни қайта кўриб чиқиш талабини қўйишди. Қайтадан шакллантириш қўлимиздан келади дейишди. Шакллантирса, яна кўриб чиқамиз.

Лекин бизнинг саволларимиз очиқ қолди, YouTube'да ҳам турибди, жамоатчиликнинг фикри ҳам турибди. Мана шундан ўтиб кетиб, лойиҳани бизга топшираман дейишса, қаршилигимиз йўқ, яна бир марта кўриб берамиз.

Ўйлайманки, бу лойиҳа [ҳайъатга такроран] киритилиши имкониятлари жуда ҳам кам. Лойиҳа ҳайъатда кўрилса, сизлар бундан албатта хабар топасизлар. Чунки йиғилишларимиз онлайн трансляция бўлади”, – деди Абдураҳмонов.

Лойиҳа учун сўралаётган 2,6 млрд сўм нималарга сарфланиши кўзлангани ҳақида Kun.uz'нинг аввалги материалида танишишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда бюджет дефицити ЯИМга нисбатан аввал кутилганидек 3 фоиз эмас, камида 4 фоиз бўлиши тахмин қилиняпти.

Мавзуга оид