Бош прокуратура Нишон туман ҳокими ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди
Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган
Авалроқ, Kun.uz’да 2022 йил 30 июл куни Нишон тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Эркин Бобоқулов Қарши тумани ҳудудидаги йўлда нотаниш фуқарони уриб юборгани ва жабрланувчи вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Хаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
«Нишон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари хизмат автомобилида фуқаронинг ўлими билан боғлиқ содир этган йўл транспорт ҳодисаси юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган», дейилади Бош прокуратура матбуот котибининг хабарида.
Маълумот учун, Эркин Бобоқулов 2022 йил 29 апрел куни Нишон туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимига тайинланганди.
Мазкур тайинловгача, Э.Бобоқулов Чироқчи туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.
Э.Бобоқулов билан содир бўлган ҳодиса Қашқадарё вилоятида туман ҳокими ўринбосарлари билан содир бўлган илк ҳодиса эмас. Бунгача, 2022 йил 1 июн куни Миришкор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Тошкентга кетаётиб Сирдарё вилоятида содир бўлган ЙТҲда вафот этганди.
Бундан ташқари, 2021 йил 12 декабр куни Косон тумани ҳокимига тегишли Captiva хизмат машинаси пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган фуқарони уриб юборган ва жабрланувчи воқеа жойида вафот этганди.
Кейинчалик, машина бошқарувида ҳоким эмас, унинг ўринбосарига хизмат қиладиган ҳайдовчи Раҳим Жўраев бўлгани маълум қилинганди. Аммо марҳумнинг яқинлари Раҳим Жўраев ўша куни рулда бўлмагани, машинани туман ҳокимининг ўзи ёки унинг ўғли бошқарган бўлиши мумкинлигини айтиб чиқишганди.
Мавзуга оид
12:15 / 18.10.2023
Қашқадарёда ҳовлисида бир тонна каннабис етиштираётган шахс ушланди
12:48 / 01.02.2023
Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг мурдаси топилди
10:34 / 01.02.2023
2022 йилда 3 мингдан ортиқ мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилди
14:58 / 25.01.2023