Аввалига ҳаммага маълум фактни келтирамиз: «Барселона» келажакда (25 йил) ТВ ҳуқуқларидан олинадиган даромадларнинг 25 фоизини 667 млн еврога сотди. Режага кўра, бу молиявий аҳвол яхшиланишига олиб келиши ва янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишни енгиллаштириши керак эди. Аммо!

1. Ла Лига фақат 517 миллион евро даромадни ҳисобга олди. Бу эса «Барселона»ни Barca Studios бўлимининг 49 фоизини сотиш орқали тўртинчи дастакдан фойдаланишга мажбур қилади. Ушбу бўлим орқали клубнинг NFT-токенлари сотилади.

2. «Барса» ТВ ҳуқуқларининг бир қисмини ўзига сотган.

Ҳаммасини бир бошдан тушунтирамиз

Воқеалар занжири қуйидагича.

  • «Барселона» Sixth Street компанияси билан ҳамкорлик ўрнатди. Қизиғи шундаки, ушбу компания «Реал» билан билвосита боғлиқ. Унинг хўжайинларидан бири Анаш Лагари «Реал» президенти Флорентино Переснинг яқин дўсти ва ишга туширилмай қолган Суперлига раҳбарияти аъзоси.
  • «Барселона» ва Sixth Street ҳамкорлигида LOGKSLEY Investments компанияси ташкил этилди, унинг акциялари тенг тақсимланди.
  • «Барселона» келажакда ТВ ҳуқуқларидан олинадиган даромадларининг 25 фоизини LOGKSLEY компаниясига сотди. 517 млн еврони Sixth Street тўлади, 150 млн еврони эса «Барселона».

Шу билан бирга, Жоан Лапорта навбатдан ташқари йиғилишда клуб аъзоларига бу ҳолатни ошкор қилмади.

Ла Лига ҳийлага учмади ва 150 млн еврони ҳисобга олмади

Ла Лиганинг молиявий назорат бўлими «Барселона» билан зиддиятдан қочди, тўловлар мақсади бўйича айб топмади ва уни бухгалтерия ҳисобига киритишга рухсат берди. Лекин! Иш ҳақи лимитини шакллантиришда ушбу даромадни ҳисобга олмади. Лапорта эса унинг ҳисобга олинишини истаганди.

Бундан ташқари, энди «Барселона» 150 млн евродан 25 фоизлик корпоратив солиқни ҳам тўлаши керак. Бу эса  37,5 млн еврога тенг.

«Барселона» ҳалигача Левандовски, Рафинья ва бошқа янги футболчиларни рўйхатдан ўтказмади

«Барселона» лимитдан чиқиб кетмаслиги учун футболчилар иш ҳақини 144 млн еврога қисқартириши шарт.

Ёзда каталонияликлар «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовскини 50 млн еврога, «Лидс» вингери Рафиньяни 59 млн еврога ва «Севилья» марказий ҳимоячиси Жюл Кундени, шунингдек, икки нафар эркин агент – «Челси» марказий ҳимоячиси Андреас Кристенсен ва «Милан» яримҳимоячиси Франк Кессиэни олган эди.