Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Касби туман бўлими ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда, фуқаро Д.У. фуқаро З.нинг қадр-қиммати ва обрўсига путур етказиши мумкин бўлган фотосуратларини интернет ижтимоий тармоқлари орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, эвазига ундан 3 минг доллар талаб қилиб, 500 доллар ва 4 дона тилла тақинчоқларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.   

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича юборилган.

Аввалроқ, Сурхондарёда фуқаронинг видеоларини интернетда тарқатиш билан қўрқитиб, 1000 доллар талаб қилган шахс ушланганди.