Марҳумнинг акаси Дилшод Каримов Kun.uz мухбири билан суҳбатда терговга қадар суриштирув ҳаракатлари суст кетаётгани, суд-тиббий экспертиза хулосаси чўзилаётганини маълум қилди.

Дилшод Каримовнинг айтишича, укаси Исломни 11 июл куни 23:00 лар атрофида Асад исмли таниши телефон орқали чақиради. Асад ўзи ишлаётган корхонада ҳамкасблари билан тортишиб қолганини айтади. Ислом ўша жойга таниш ҳайдовчи билан етиб борганида, уларни бир гуруҳ йигитлар кутиб турган бўлади. Муштлашув юзага келади. Бу орада Исломни олиб борган ҳайдовчи ҳам, уни чақирган Асад ҳам воқеа жойидан қочади. Исломнинг ўзи калтаклар остида қолади – ўша куни оқшом у уйга қайтмайди.

Эртаси куни йигит сувга чўкиб кетган бўлиши мумкин, деган гумон билан фавқулодда вазиятлар ходимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа жойини кўздан кечиради. Ғаввослар жалб қилинади, бироқ натижа бўлмайди.

Ислом воқеадан уч кун ўтиб, 14 июл куни Қарши магистрал каналининг қуйироқ қисмидан ўлик ҳолда топилади.  

Дилшод Каримов ўша куни укаси калтакланганига бевосита гувоҳ бўлганлар борлигини айтади. Бироқ у марҳумнинг яқинлари, гувоҳлар жиддий сўроқ қилинмаётганидан таажжубланмоқда. 25 кундан ортиқ вақт ўтса-да, экспертиза хулосалари чиқмаётгани, укасини урган йигитларга нисбатан ҳеч қандай чора қўлланмаётгани унинг кўнглига шубҳа солмоқда. «Ишни бости-бости қилиб юборишларидан қўрқаман», дейди ака.

Исломнинг онаси Сабоҳат Хидирова билан ҳам суҳбатлашдик. Она фарзандининг содда ва бошқаларга доим ҳамдардлик ҳисси билан яшаганини айтмоқда. Аёл шу кунларда кенжа ўғлига келин олмоқчи бўлиб юргани, бироқ доғда қолганини йиғлаб айтиб берди.