Kun.uz мухбири Саудия Арабистонидаги ўзбеклар, ишлаш ва таълим олиш, шунингдек бошқа масалаларда узоқ йиллардан буён ушбу давлатда истиқомат қилиб келаётган юртдошимиз, Мадина Ислом университети магистранти Маҳмуд Усмон билан суҳбатлашди.

— Дастлаб узоқ йиллардан бери Саудия Арабистонида яшаётган ёки маълум сабаблар туфайли у ерга бориб, ишлаётган юртдошларимиз ҳақида сўзлашсак. Уларнинг яшаш тарзи, ҳаёти тўғрисида қисқача гапириб берсангиз.

— Саудия Арабистонидаги ўзбекларни 3 тоифага ажратса бўлади. Биринчиси – ота-боболари шўролар даврида Саудия Арабистонига ҳижрат қилиб, ўша ернинг фуқаролигини олиб қолиб кетган ўзбеклар. Уларнинг орасида сиёсий шахслар, вазирлар, давлат вакиллари, олимлар ҳам бор.

Иккинчи тоифа ўзбеклар Афғонистон фуқароси бўлган ўзбеклар ҳисобланади. Улар ўша шўролар даврида Афғонистонга ҳижрат қилиб бориб, кейин Саудия Арабистонига келган ўзбеклардир. Уларнинг баъзилари олдин кўчиб бориб, фуқаролик олмаган бўлиши ҳам мумкин. Уларнинг ижтимоий ҳолати биринчи тоифа билан тенг бўлмагани учун улар кўпчиликка таниш эмас. Лекин улар ҳам Саудияда кўпчиликни ташкил этади.

Учинчи тоифага эса Ўзбекистон фуқаролари киради. Мана шу тоифани ҳам 4 га бўлиш мумкин, аслида. Биринчи гуруҳга Саудия Арабистонида ўқийдиган талабалар киради. Улар ҳозирда у ердаги нуфузли олийгоҳларда таҳсил олишмоқда.

Кейинги гуруҳ вакиллари – олий маълумотли, ўзининг соҳаси бўйича ишлаш учун кетган ватандошларимиз. Улар ҳозирда Саудия Арабистонининг меҳнат қонунчилиги асосида, ҳуқуқлари тўлақонли ҳимоя қилинган тарзда 2-3 минг доллар эвазига шартнома билан ишлашмоқда. Бунда шартномаларни яхшилаб ўрганиб, унга кейин қўл қўйишни тавсия қилган бўлардим.

Учинчи гуруҳ эса мутахассис сифатида кетган, аммо олий маълумотли бўлмаган ватандошлар саналади. Улар ошпаз, махсус ресторанларда ишловчи ходимлар бўлиши мумкин. Яъни қандайдир мутахассисликка эга, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган қатлам. Бу гуруҳдагилар ўртача 1-2 минг долларгача ойлик олишади. Уларнинг муаммолари нисбатан кўпроқ бўлиши мумкин.

Тўртинчи гуруҳга эса Саудия Арабистонига бориб, уй ишчиси бўлиб ишлайдиганларни киритамиз. Бошқа гуруҳларга солиштирганда, уларнинг яшаш шароити ва иши оғирроқ бўлади, дам олиш кунлари бўлмайди. Саудия меҳнат қонунчилиги бўйича уларни ҳимоя қилиш қийин.