07:43 / 13.08.2022
7175

WSJ: Трампдан тинтув чоғида 11 та махфий ҳужжатлар тўплами олиб қўйилди

АҚШ собиқ президенти уйини тинтув қилиш чоғида олинган нарсалар орасида «ўта махфий» деб таснифланган, фақат махсус давлат идоралари ходимлари фойдаланиши мумкин бўлган ҳужжатлар ҳам бор, деб ёзади The Wall Street Journal. 

Фото: Reuters

АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) агентлари 8 август куни АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг Флорида штати Мар-а-Лаго шаҳридаги қароргоҳида ўтказилган тинтув чоғида 11 тўплам махфий ҳужжатларни мусодара қилди. Бу ҳақда 12 август, жума куни Американинг The Wall Street Journal (WSJ) газетаси Трампдан мусодара қилинган материаллар рўйхатига таяниб хабар берди. 

Рўйхатга, жумладан, «ўта махфий» деб таснифланган, фақат махсус давлат идоралари ходимлари фойдаланиши мумкин бўлган ҳужжатлар ҳам киритилган, дея қайд этади WSJ.

АҚШ Адлия вазирлиги газетанинг маълумотини қисман тасдиқлаб, Трампдан ўта махфий ҳужжатлар тортиб олинганини айтди, бироқ уларнинг ҳажмига аниқлик киритмади. Бундан ташқари, Адлия вазирлиги собиқ президент жосуслик тўғрисидаги қонунни бузганликда гумонланаётгани ҳақида хабар берди. 

Доналд Трампнинг адвокатларига кўра, АҚШ собиқ президенти Оқ уйни тарк этишдан олдин ўз ваколатлари доирасида топилган ҳужжатларни ошкор қилган. Трампнинг ўзи маълум қилишича, ФҚБ ходимларининг махфийлиги ошкор этилган ҳужжатларни қўлга киритишга уриниши «керак эмасди», чунки уларни исталган вақтда «сиёсат билан ўйнамасдан ва Мар-а-Лагога бостириб кирмасдан» олиш мумкин эди. 

Ўз навбатида, The Washington Post вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, ФҚБ ходимлари Трамп қароргоҳида ядро қуролига оид махфий ҳужжатларни қидиргани ҳақида хабар берди. Улар топилганми ёки йўқми - номаълум. Трампнинг ўзи ҳам бу борада «ядровий қурол масаласи ёлғондир», деди. 

Умуман олганда, ФҚБ ходимлари Доналд Трампнинг қароргоҳидан 20 га яқин қути ҳужжатлар, фотосуратлар ва ёзишмаларни олиб чиқиб кетишди. Улар орасида Трампнинг ўз собиқ маслаҳатчиси Рожер Стоунни афв этиш тўғрисидаги фармони, шунингдек, «Франция президенти» ҳақидаги маълумотлар бор, деб ёзади The Wall Street Journal. 

Top