Шу кунларда Украинага қарши урушни ёритиш билан шуғулланувчи россиялик блогерлар украин ҳарбийлари «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг Луҳанск области Попасная шаҳридаги базасига Американинг HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими орқали зарба йўллаганини хабар қилишди. Украина томони ҳам бу версияни рад этиб чиқмаётган бўлса-да, экспертларда бу «вагнерчилар»нинг ўзи томонидан саҳналаштирилган бўлиши мумкинлиги борасида шубҳалар туғилган.

Бу маълумот Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватловчи ва ҳарбий ҳаракатларни фаол ёритиб келаётган ҳарбий мухбирлар - блогерлар томонидан тарқатилди. Қисқача айтилса, уларнинг талқини шундай: бир ҳафта муқаддам блогер Сергей Среда базадан фотосурат эълон қилган, кейин уни ўчириб юборган. Фотода у ва ҳарбий формадаги, ниқоб таққан тўрт эркак кўп қаватли уй фонида турганини кўриш мумкин, кадр бурчагида - табличка: Мироновская кўчаси, 12.

«Попаснаяга келдим, «Вагнер» штабида тўхтадим. Қадрдонлардек кутиб олишди. Бир қанча қизиқ воқеаларни айтиб беришди», дея ёзган 8 август куни «военкор» Среда. 14 август куни эса яна бир «военкор» Юрий Котенок шундай ёзади: «Попаснаяда «Вагнер»нинг базаларидан бирига зарба йўлланди. Донбассдаги манбалар тасдиқлади. Катта эҳтимол билан, бу «Ҳаймерс». Украина ресурслари Пригожиннинг ўлими ҳақида хабар тарқатмоқда - бу тасдиқланмади».

ОАВ бизнесмен Евгений Пригожинни ёлланма ҳарбийлари Сурия ва Африка мамлакатларидаги жангларда қатнашиб келган, бу йилдан эса Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси билан боғлайди. Пригожин бу хусусий ҳарбий компанияга алоқадорлигини рад этади ва шу ҳақда ёзган журналистлар билан судлашади. Август ойида «Медиазона» нашри Пригожин шахсан колониялардаги маҳбусларни Украинадаги урушга тарғиб қилаётгани ва улар билан шартнома тузаётганини хабар қилди. Журналистлар унинг Донбассда олинган суратини намойиш этишган.

Украина нашрлари 14 август куни Украина қуролли кучлари ҳарбий мухбирнинг пости туфайли «Вагнер»нинг базаси яксон қилингани ва бу ҳужумда Пригожин ҳам жабрлангани ҳақидаги хабар тарқатди. Россияпараст телеграм-канал бўлмиш Reverse side of the medal канали эса зарбадан шикастланган турар жой биноси суратини жойлаштириб, ярадорлар борлигини истисно этмаганди: «Попаснаяда йигитларни олиб чиқяпмиз».

Тонгда Луҳанск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай ҳам «Украина қуролли кучлари яна бир бор душман штаби бўйича муваффақиятли иш олиб боргани», бу зарбани «Россия ОАВи вакилларидан бири» йўналтиргани, зарба натижасида «Вагнер»нинг Попаснаядаги штаби яксон этилгани, «қурбонлар сони аниқлаштирилаётгани» тўғрисида айтди. Украина нашрлари эса штаб жойлашгани тахмин қилинган ҳудуддаги йирик вайронгарчиликлар акс этган суратларни нашр қилди.