Ўзбекистон | 08:17 / 17.08.2022
15170
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ЙТҲ оқибатида 14 ёшгача бўлган болалар ўлими даражаси Европага қараганда тўрт баравар юқори 

2022-2026-йилларда Ўзбекистонда ўсмирлар саломатлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш бўйича миллий ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Shutterstock

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда ўсмирлар саломатлик ҳолатига оид сўнгги маълумотларга қараганда, уларда барча сабаблардан ўлим даражаси 100 000 кишига 47,2 ни ташкил этади.

Йўл-транспорт жароҳатлари 18 ёшгача бўлган ўғил болалар ўлимининг биринчи сабаби бўлиб, ОИВ/ОИТС, сил ва ошқозон-ичак касалликларини бирлаштиргандан кўра кўпроқ ўлимга олиб келган. Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ўлими даражаси Европа мамлакатларига қараганда тўрт баравар юқори.

Ҳужжатда таъкидланишича, Ўзбекистонда 10-18 ёшли ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш ва ўзига зарар етказиш оқибатида ўлим даражаси Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. 2016 йилда ўз жонига қасд қилиш ва ўзини қасддан жароҳатлаш оқибатида вафот этганлар энг катта қисмини 15-19 ёшдаги ўғил-қизлар ташкил этди. 

10-19 ёшлилар гуруҳида ўз жонига қасд қилиш ва ўзини қасддан жароҳатлаш натижасида ўлган эркаклар қарийб 74 фоизини 15-19 ёшдаги ўғил болалар, шу ёш гуруҳидаги (10-19 ёш) қизлар эса ўз жонига қасд қилганлар ва ўзини қасддан жароҳатлаш оқибатида ўлган аёллар қарийб 80 фоизини ташкил этади.

Ўсмирларнинг овқатланиши билан боғлиқ муаммолар долзарблигича қолмоқда. 2017 йилда ўтказилган овқатланиш бўйича тадқиқотларга кўра, 5-19 ёшдаги болалар ва ўсмирлар орасида ортиқча вазн пайдо бўлиши ўғил болалар ўртасида 8,4 фоиздан 16,3 фоизга, қизлар ўртасида 11 фоиздан 17 фоизга, семизлик эса ўғил болаларда 2 фоиздан 5 фоизгача ва қизларда 1 фоиздан 3 фоизгача ўсди. Қизлар ўртасида нотўғри овқатланиш ва микроэлементлар етишмаслиги келажакдаги ҳомиладорлик оғир асоратларига сабаб бўлади.

Мавзуга оид