Бир йил муқаддам мамлакатдан чиқиб кетишга ошиққан минглаб одамлар билан тўлиб-тошган Кобул аэропорти ҳозирда анча сокин. Ташриф буюрувчиларни қора бурқага ўранган аёллар қарши олишади ва паспортларига муҳр босишади.

Одамлар суратлари акс этган реклама билбордлари бўяб ташланган, шамолда «Толибон»нинг оқ байроқлари ҳилпирайди.

Толиблар 1996 йилдан 2001 йилга қадар ҳам мамлакатнинг катта қисмида ҳукмронлик қилишган. Ўшанда Афғонистонда қатъий шариат қонунлари ўрнатилганди: ўғрилик учун қўл ёки оёқ кесилган, қизларга мактабда ўқиш, аёлларга ишлаш тақиқланганди. Анъанавий бўлмаган кийимларда юришга (масалан, жинсида) рухсат берилмаган. Толиблар бу сафарги ҳокимиятга келишида ҳам «ислом қадриятлари»ни сақлаб қолишни, аммо қатор масалаларга анча юмшоқлик ва мослашувчанлик билан ёндашувни ваъда қилишганди. Улар ўз сўзларида туришдими?

Очлик ва иқтисодиётнинг қулаши

Фото: AFP

Афғонистон бюджети 2022 йилда 2020 йил билан таққослаганда 60 фоизга қисқарган. Толиблар ҳокимиятга келгунига қадар давлат харажатларининг тахминан 75 фоизи хорижий грантлар ва инсонпарварлик ёрдамлари ҳисобидан қопланарди. Энди бундай дастурларнинг катта қисми ёпилган, аксар қисми АҚШда бўлган Афғонистон марказий банки захиралари эса музлатиб қўйилган. Бу афғон иқтисодиёти ва банк тизими деярли барбод бўлишига олиб келди.

Axios маълумотига кўра, 2022 йилда асосий товарлар нархи 52 фоизга ўсган, аҳолининг ўртача даромади эса сўнгги 10 йилликдаги минимал даражага тушган — йиллик киши бошига 375 долларгача. БМТ ҳисоблашича, 2022 йил мобайнида ишсизлик даражаси 40 фоизга етиши (2021 йилда бу кўрсаткич 13 фоизни ташкил этганди), аҳолининг 97 фоизи қашшоқ ҳолатга тушиши мумкин.

«Толибон» блокланган маблағлар қайтарилишини талаб этмоқда, аммо Вашингтондагилар бунга фақатгина толибларнинг санкцияларга учраган етакчилари Марказий банк раҳбариятидаги лавозимларидан истеъфога чиқсагина рози бўлади.

Ҳозирча томонлар музокаралар олиб бормоқда, Афғонистонда эса ишсизлик ўсишда, энг муҳим товарлар нархи кўтарилишда давом этмоқда. БМТ баҳоларига кўра, тахминан 25 миллион афғон - яъни мамлакат аҳолисининг ярмидан кўп қисми - айни вақтда қашшоқликда яшамоқда. Икки миллиондан ортиқ бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекади.

«Онам касал, уни операция қилиш керак, аммо шифокорга боришга ҳам, дори-дармон олишга ҳам қурбимиз етмайди. Агар биз таблеткалар сотиб олсак, бутун оиламиз овқатсиз қолади. Мен онамнинг соғлиги ва болаларимнинг соғлиги орасида қандай танлов қилишни билмайман. Биз жуда ночор аҳволдамиз», деган Омина исмли ёш афғон аёли.