Тадқиқотларга кўра, шаҳарларда йўллар қанча кенгайтирилса, тирбандликлар ҳам шунча кўпаяверади.
Жакарта, Индонезия / Фото: fakta.news

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 1994 йилги Дубай билан бугунги Тошкентни солиштиргани жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Жамоатчилик фаоллари – Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов ва Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов ўзаро суҳбат-подкастида шу мавзудаги фикрлари билан бўлишди.

Беҳзод Ҳошимов шу йил Дубайга боргани, у ерда шаҳарсозлик бўйича қилинган хатолар тузатилаётганини айтган.

“1988 йил билан солиштирсак, бугун Тошкентда киши бошига автомобиллар сони 6 баробар кўпроқ. Олдин киши бошига нисбатан автобус ўринлари кўпроқ эди. 1994 йилда Тошкент бундан 1,5 баробар яшилроқ эди, жамоат транспортида юрадиганларнинг улуши ҳам кўпроқ эди.

Дубай ҳақида айтадиган бўлсак, у ерда 2010 йилда зўрға метро пайдо бўлди. Ҳали ҳам шаҳарсозликнинг энг ёмон намуналари борасида Дубайдан ёмонроқ мисол топиш қийин. Балки ундан ёмони Лас Вегас бўлиши мумкин. Мен борган шаҳарларнинг ичида урбанизация нуқтайи назаридан энг ёмони – Дубай. Эҳтимол Лас Вегасдан яхши бўлиши мумкин, лекин Дубай – Ўрта Шарқ Лас Вегаси. Ҳозир ҳукумат йиллар давомида қилинган хатоларни тузатяпти. Ва бу хатоларни тузатиш учун жуда қиммат тўлашяпти. Чунки вақт нуқтайи назаридан бир жойдан иккинчи жойга бориш жуда қийин бўлиб қолган.

Дубайда бормоқчи бўлган масофангиз қисқа бўлиши мумкин, лекин у жойга етиб олишингизга жуда кўп вақт кетади. Шаҳарнинг асосий марказий кўчаси – Шайх Зайд кўчасида турган бўлсангиз, унинг нариги томонига ўтиш учун машинада 4 км юришингиз керак. Бу хатолар устида ишлар бошланган. Боғлар, пиёдалар учун шароитлар қилиняпти. Ўйлайманки, Дубай кейинги 30 йилда нормал ҳолатга келиб қолади. Лекин Дубай қилган хатоларни қилишимиз шартми?” – дейди у.

Ботир Қобилов эса Тошкентда қилиниши керак бўлган ҳар қандай хатонинг икки баробари қилинди, деб ҳисоблайди.

“1988 йилдаги Навоий кўчасининг расми бор ва ҳозирги билан солиштира оламан. Биринчидан, жамоат транспорти жуда ёмонлашди, трамвай ва троллейбус яксон қилинди. Агар 2005-2006 йиллардаги ҳужжатларни кўтариб кўрсангиз, трамвай ва троллейбусни йўқотишнинг асосий сабаби сифатида унинг рентабеллиги ва автомобилларга халақит қилаётгани келтирилган. Шаҳар аҳолиси, яъни жамоат муҳокамаси эшитилмаган.