Иқтисодиёт | 17:41 / 19.08.2022
40565
2 дақиқада ўқилади

ДСҚ 2023 йилдан ҚҚСга ўтиш 5 млрд этиб белгиланиши ҳақидаги хабарларни рад этди

2023 йилдан қўшимча қиймат солиғига ўтиш чегараси 1 млрд сўмдан 5 мрдга ўзгартирилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Давлат солиқ қўмитаси буни рад этди.

Gazeta.uz ҚҚС тўлашга мажбурий ўтиш лимитини 2023 йилда 5 миллиард сўмга ошириш мумкинлиги ҳақида ёзди. Шунингдек, нашр 2023 йилда солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси учун Солиқ қўмитаси раҳбарияти томонидан ҚҚС тўлашга мажбурий ўтиш лимитини қайта кўриб чиқиш таклифи киритилгани ҳақида ҳам хабар берди.

Бу маълумот халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 19 август куни бўлиб ўтган сессиясида пойтахт Давлат солиқ бошқармасининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Мирпўлатов томонидан берилган.

Давлат солиқ қўмитасининг маълум қилишича, бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

“Тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталиги доирасида ташкил этилган тадбирда мазкур таклиф кўриб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида асослар берилди”, – дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ, ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев солиқ маъмурчилигида кутилаётган янгиликлар ҳақида гапирганди. Уларнинг ичида солиқчиларнинг солиқ текширувларидаги ваколатларини камайтириш ва индивидуал характердаги солиқ имтиёзларини қисқартириш ҳам тилга олинганди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид