00:43 / 20.08.2022
14243

«МЮ» ва «Реал» Каземиро трансфери бўйича келишувга эришилганини эълон қилди

Фото: Reuters

«Манчестер Юнайтед» ва «Реал» клублари Каземиро трансфери бўйича келишувга эришилганини расман тасдиқлади.

Мадрид клуби расмий сайти бразилиялик 30 ёшли футболчига клубдаги қарийб 10 йиллик фаолияти учун миннатдорчилик билдириб, 22 август куни Каземиро билан хайрлашув маросими ўтказилишини маълум қилган. Тадбирда футболчидан ташқари клуб президенти Флорентино Перес ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

Манчестер клуби расмий сайти хабарига кўра, клуб испан жамоаси билан Каземиронинг трансфери бўйича келишувга эришган, футболчининг ўзи билан ҳам шартнома масаласида бир тўхтамга келинган. Каземиро тиббий кўрикдан ўтгач ва унга Буюк Британияда ишлаш визаси берилгач, трансфер расман амалга оширилади.

Аввалроқ, бразилиялик 30 ёшли хавбек трансфери учун Мадрид клуби ҳисоб рақамига 60 миллион евро ўтказиши ва яна бонус сифатида 10 миллион евро тўлаши, «МЮ»да ҳафталик 350 минг фунт маош олиши ҳақида хабар қилинган эди. Каземиро «МЮ» билан 4 йиллик шартнома имзолайди. Унга кўра, келишувни 2027 йилга қадар узайтириш банди ҳам киритилади. 

Эслатиб ўтамиз, Каземиро 2013 йилда «Порту»дан «Реал» сафига қўшилиб, 3 карра Ла Лига ғолиби ва 5 карра ЕЧЛ бош соврини соҳибига айланди. 30 ёшли яримҳимоячи Мадрид клубида 222 ўйинда майдонга тушиб, 24та голга муаллифлик қилган.

Top