Жаҳон | 16:32 / 23.08.2022
18874
3 дақиқада ўқилади

Патрушев ШҲТдаги ҳамкасбларини АҚШ билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш хавфи ҳақида огоҳлантирди

У Тожикистонда АҚШ бошчилигида бўлиб ўтган «Минтақавий ҳамкорлик-2022» ўқув машғулотларини назарда тутган.

Николай Патрушев / Фото: МИД РФ

Америка Қўшма Штатларининг Марказий Осиёдаги ҳарбий машғулотлари, унда баъзи ШҲТ давлатлари иштирок этиши Вашингтонга потенциал ҳарбий ҳаракатлар театрини ўрганиш учун зарур. Бундай фикрни Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев 19 август куни Тошкентда ҳамкасблари билан учрашувда билдирди, деб хабар беради EurAsia Daily унинг нутқининг аввал эълон қилинмаган қисмларига таянган ҳолда.

Унинг таъкидлашича, Вашингтон Афғонистоннинг қўшнилари билан у ерда антитеррор амалиётлари учун гўёки вақтинчалик инфратузилма яратиш бўйича келишувга эришиш уринишларидан воз кечмаяпти.

РФ Хавфсизлик кенгаши котибининг қайд этишича, Москва АҚШ қўмондонлигида 10 август куни бошланган «Минтақавий ҳамкорлик – 2022» ҳарбий машғулотларини айнан шу нуқтайи назардан кўриб чиқмоқда.

Уларда ШҲТга аъзо давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Покистон, шунингдек, Мўғулистон Халқ Республикаси ҳарбий хизматчилари иштирок этмоқда.

«Ҳамкорларимизга эслатиб ўтмоқчиманки, америкаликларга бундай тадбирлар биринчи навбатда потенциал операциялар театрини ўрганиш, истиқболли нишонлар координаталарини аниқлаштириш ва юқори аниқликдаги қуролларнинг рақамли хариталарини тўғрилаш учун керак. Умид қиламанки, ШҲТга аъзо барча давлатлар Американинг бу ташаббуслари бизнинг хавфсизлигимиз учун ўта катта хавф туғдираётганини энди англайди», - деди Патрушев. 

Патрушевга кўра, ҳозир дунёда жиддий геосиёсий ўзгаришлар рўй бермоқда ва аслида глобал инқироз авж олмоқда. Бунинг сабаби - Ғарбнинг ўз ҳукмронлигини ўрнатиш истаги. Москва ШҲТ фаолиятини бугунги кунда юзага келаётган геосиёсий воқеликни ҳисобга олган ҳолда модернизация қилиш зарур, деб ҳисоблайди.

Тошкентда бўлиб ўтган тадбирда ШҲТ Хавфсизлик кенгашлари котиблари ташкилотнинг сентябр ойига мўлжалланган саммити кун тартибини муҳокама қилди.

ШҲТ саммити сентябр ойида Самарқандда бўлиб ўтади. Ташкилотга аъзо давлатларнинг барча етакчилари унда иштирок этишларини тасдиқлади. Бироқ, айрим давлат раҳбарлари ҳозирча иштирок этиш формати ҳақида бир қарорга келмаган.

Ҳозирда ШҲТга Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади. Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбойжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка. Ташкилот саммити сентябр ойи ўрталарида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Унда Эроннинг ташкилотга қўшилиш жараёни якунланиши ҳамда Миср, Қатар ва Саудия Арабистонига мулоқот бўйича ҳамкор мақоми берилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Беларуснинг ШҲТга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида кириш ҳақидаги аризаси ҳам ўрганилмоқда.

Мавзуга оид