Ўзбекистонда мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик ва хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини оширишга қаратилган президент фармони қабул қилинди.
Фармон билан фуқаролар ва тадбиркорларнинг ўз мулкига эркин эгалик қилиши ва ундан фойдаланишига тўсқинлик қилаётган қатор тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди. Бу ҳақда адлия вазири Русланбек Давлетов Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.
1. Эндиликда мулкка бўлган ҳуқуқни қайсидир орган томонидан (простест асосида ҳам) олдин қабул қилинган ҳужжатни бекор қилиш орқали тугатиш мумкин эмас. Агар ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Давлетовнинг айтишича, охирги 2,5 йилда ҳокимларнинг қарорлари билан берилган 2,5 мингдан ошиқ ер участкаларига (101 минг гектар) бўлган ҳуқуқлар уларнинг ўзи ёки юқори турувчи органлар томонидан, шу жумладан прокурор протестлари асосида суд қарорисиз бекор бўлган.
2. Бундан буён юридик шахс тугатилганда, унинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмайди ва ер давлат захирасига қайтариб олинмайди. Аксинча, ушбу ерлар тугатилаётган юридик шахс муассисларига ўтади.
3. Ердан ихтиёрий воз кечиш (айниқса фермерлар томонидан) нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланмоқда. Бунда ҳоким томонидан қарор қабул қилиш талаби бекор қилинмоқда.
Адлия вазирига кўра, сўнгги 2,5 йилда 20 543 та ер участкаси (2,6 млн гектар) “ердан ихтиёрий воз кечилгани ҳақидаги ариза”га асосан қабул қилинган ҳоким қарори билан захирага қайтарилган.
4. Мулкдор билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш талаб этилмайди.
Маълум қилинишича, охирги 2,5 йилда фуқаролик судларига шахсни турар жойдан рўйхатдан чиқариш бўйича 8 954 та даъво аризалари киритилган, шундан 7 311 таси (82 фоизи) қаноатлантирилган.









