Ҳоспис — тузалмас дардларга чалинганлар, асосан онкологик беморларга касалликнинг сўнгги босқичида паллиатив ёрдам кўрсатувчи тиббий-ижтимоий ташкилот. Бу ерда хаста болалар сўнгги нафасларигача меҳр, эътибор, парвариш, руҳий мадад қуршовида яшашади.
Муассасада болаларга комплекс ёндашув асосида эътибор қаратилади. Ижтимоий ходим, психолог ва шифокор ҳамкорлигида ишлайдиган ҳосписда асосий эътибор турли муолажаларга эмас, касал боланинг ҳаётига мазмун киритишга қаратилади. Бола кўришни истайдиган инсонларни ёрдамга чақириш, унга ёқадиган вазиятлар ҳосил қилиш ижтимоий ходимнинг вазифасига киради. Йиллар давомида касаллик билан курашаётган боланинг яқинлари ҳам руҳий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлиши табиий ҳол. Бу ерда ота-оналар ҳам ижтимоий ёрдам олишлари мумкин.


Ҳосписнинг асосий вазифаси - тузалмас дардга дучор бўлган болаларнинг ҳаётини яхшилаш, уларнинг қолган умрларига мазмун киритишдан иборат. Бундай болалар ва уларнинг ота-оналари касаллик билан курашиш мобайнида оғир руҳий ва моддий ҳолатни бошдан кечиришади. Ҳоспис ана шундай вазиятда уларга мадад маркази бўлиб хизмат қилади.

«Taskin» ҳосписи юртимиздаги биринчи болалар ҳосписи бўлиб, президент қарорига биноан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда "Ezgu Amal» Жамоат фонди ёрдамида Зангиота ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси негизида очилди. Ҳоспис 20 нафар беморга мўлжалланган.

“Ҳоспис – бу умид уйи. Бу маскан бемор бола ва унинг оила аъзоларига ижтимоий-психологик мададни амалга оширади. Шунингдек биринчи болалар ҳосписи асосида аҳолига ҳоспис ёрдамини ривожлантиришга хизмат қиладиган паллиатив кўмакнинг ва беморларни профессионал парваришлашнинг замонавий модели ишлаб чиқилади. Бу ерда нафақат бемор болалар учун, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам ижтимоий ёрдам кўрсатамиз. Боланинг охирги умрини максимал даражада чиройли ва ўзи истаганча ўтказишга ёрдам берамиз.











