Енгил автомобилда йўловчи ташувчилар ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилади

Президент қарорига биноан енгил автотранспорт воситаларида йўловчи ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади.

Автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни ЯИДХП орқали электрон шаклда расмийлаштириш тизими жорий этилади.

Шунингдек, фуқаролар ва йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар ўртасида тузиладиган транспорт воситаси ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади ҳамда уларни давлат солиқ хизмати органлари ахборот тизимлари орқали электрон тарзда ҳисобга олиш тизими жорий этилади.

Хусусий секторда ишлайдиган аёлларга ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади

Президент фармони билан бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади. Бунда мазкур юридик шахсларнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш мажбуриятлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳажмида камайтирилади.

“10 ёшга тўлмаган” автомобилларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш талаб этилмайди

Президент қарорига биноан:

а) ишлаб чиқарилганига ўн йилгача бўлган жисмоний шахсларга тегишли енгил автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ихтиёрий равишда амалга оширилади;

б) енгил автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

  • ишлаб чиқарилганига 11 йилдан 14 йилгача бўлган енгил автомототранспорт воситалари — 2 йилда 1 марта;
  • ишлаб чиқарилганига 15 йил ва ундан ортиқ бўлган енгил автомототранспорт воситалари — 1 йилда 1 марта.

Бунда мазкур муддатлар тижорат асосида йўловчилар ташиш фаолиятида фойдаланиладиган енгил автомототранспорт воситалари учун татбиқ этилмайди.