— Президентнинг таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ишдан олинишига нималар сабаб бўлди, деб ҳисоблайсиз?
Камолиддин Раббимов: — Президентнинг ижтимоий соҳалар бўйича маслаҳатчиси масъул бўлган сектор бутун дунёда ҳам оғир сектор ҳисобланади. Иккинчидан, бу соҳада Ўзбекистонда муаммолар жуда кўп. Масалан, соғлиқни сақлаш тизимидаги вазият оғир.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимояси кўрсаткичи жуда паст. Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон ҳатто Конституция орқали ўзига ижтимоий давлат масъулиятини олмоқчи. Бу қандай амалга ошишини эса кўрамиз.

Нима бўлганда ҳам бу амалга ошиши керак, чунки бир неча йил ўтиб Ўзбекистонда камбағаллар ва қашшоқлар синфи кескин кенгайган ҳолатга келиб қолиши ва бу ҳолатдан чиқиш масаласи ҳукумат учун оғирлашиб кетиши мумкин. Ҳозир бу муаммонинг олдини олиш мумкин.
Қолаверса, таълим соҳасида ҳам муаммолар етарлича. Ўзбекистондаги таълим сифати қандай эканини ҳамма билади.
Фикримча, бу ерда иккита масала Абдувоҳидовнинг ишдан олинишига сабаб бўлди. Биринчидан, бу бутун дунёда анъанавий, оғир сектор экани, иккинчидан, Ўзбекистонда бу йўналишдаги новаторлик, ўзгаришлар, ижтимоий фикр кутилган даражада эмаслиги.
— Ҳамид ака, Абдувоҳидовнинг ишдан олиниши, сизнингча, тизимли бошланган ўзгаришлар давоми бўлдими?
Ҳамид Содиқ: — Тизимли ўзгариш деганда сиёсий режимнинг кайфиятидан келиб чиқиб бўлаётган ўзгаришларни айтиш мумкин. Бундай ўзгаришлар политологияда институционал ўзгариш дейилади. Инстуционал ўзгаришлар ватандошлик жамияти ва парламент талаблари билан рўй беради.

Персонал ўзгаришларда эса бу режимга нисбатан лояллик ва статус квонинг ўзгартирмаслиги билан боғлиқ ўзгаришлар бўлади. Бунда масалан, режимга таъсир кўрсатадиган хатоларга йўл қўйган мансабдорлар ўзгартирилади.














