27 август куни Ўзбекистон Миллий боғи реконструкциядан кейин аҳоли учун қайта очилди.
Маълумотларга кўра, боғнинг таъмирланган ва аҳоли учун топширилган қисми 14 гектардан зиёдни ташкил қилади. Унда маъмурий бино, ресторанлар қурилиб, кўприклар ва йўлаклар янгиланган.
Боғ ҳудудидаги кўл тикланган. Айни пайтда унинг майдони 40 минг квадрат метр экани маълум қилинди.
“Сув сизиб чиқмаслиги ва лойқаланмаслиги учун кўл тубига махсус қопламалар ётқизилган. Қирғоқлар тартибга келтирилиб, чўмилиш ҳавзаси ташкил этилди. Мингдан зиёд дарахт, 200 мингга яқин бута кўчатлари экилди”, – дея маълумот берилган президент матбуот хизмати хабарида.
Боғни айланиб чиққан Kun.uz мухбири яшил ва сўлим гўша ниҳоят аҳоли ихтиёрига қисман қайтарилганини эътироф этиш билан бирга, айрим эътирозли жиҳатларга эътибор қаратди.

Аввало, тикланган кўл аввалги кўлдан сезиларли кичкина ва саёз.
Қолаверса, боғ ҳудудидаги айрим дарахтлар қуриб қолган. Улар орасида кўп йиллик дарахтлар ҳам бор. Бунга боғ таъмирда бўлган 5 йил давомида ҳудудда олиб борилган қурилишлар, суғориш тизимининг ишламагани ёки қандайдир бошқа турли сунъий таъсирлар сабаб бўлиши мумкин.



Айрим дарахтларга эса қурилишларда қатнашган техника воситалари билан турли даражада шикаст етказилган. Буни биз билан суҳбатда Миллий боғ агрономи Аброр Толлиев ҳам тасдиқлади.
“Тан оламиз, боғдаги дарахтларга қурилиш ишлари давомида ишлаётган техникалар, экскаваторлар томонидан турли даражада шикаст етказилган. Жумладан, боғнинг кириш томонида 12 та, ўртада 4 та ва боғнинг бошроғида 6 туп дарахтга шикаст етган”, – деди агроном.








































