Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Россия ИИВ раҳбари Колоколцевга виза бермади
Владимир Колоколцев БМТдаги полиция хизматлари раҳбарларининг йиғилишида иштирок эта олмади, деди Василий Небензя.
АҚШ ҳукумати Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцевга 30 августдан 1 сентябргача Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ полиция хизматлари раҳбарларининг йиғилишида (UNCOPS 2022) иштирок этиш учун виза бермади. Россия делегациясининг бошқа барча аъзоларига ҳам рад жавоби тақдим этилди. Бу ҳақда 1 сентябр, пайшанба куни Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензяга таяниб, «Интерфакс» хабар қилди.
UNCOPS 2022 платформаси тармоқ идоралари раҳбарларига БМТ ҳуқуқ-тартибот органлари ва миллий полиция хизматлари иши глобал хавфсизлик муаммоларига, жумладан техноген ва табиий инқирозларга қандай жавоб бериши мумкинлигини муҳокама қилиш имкониятини яратади.
Володимир Колоколцев Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан кейин - мос равишда 2022 йил февраль ва март ойининг охирида Европа иттифоқи ва Буюк Британиянинг санкциялари остида қолди. У 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига эҳтимолий аралашганликда гумонланиб, 2018 йил апрелидан бери АҚШнинг қора рўйхатига киритилган. Бироқ, 2018 йил июнь ойида у АҚШ визасини олди ва UNCOPS форумида қатнаша олди. «Мен ҳеч қандай алоҳида муаммоларни кўрмадим ва ҳис қилмадим», деганди ўша пайтда Колоколцев.
2021 йилда Европа кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дуня Миятович Россияда мухолифатчи Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаган намойишларни тарқатиш чоғида фуқаролик фаолларининг оммавий қўлга олиниши ва полиция зўравонлигидан хавотир билдирди. DW томонидан олинган Миятовичнинг Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцевга ёзган мактубида айтилишича, Россия расмийлари ҳаракатлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг бир қатор моддалари, жумладан зўравонликка дучор бўлмаслик ҳуқуқи ҳақидаги 3-модда ва йиғилишлар эркинлиги ҳуқуқи бўйича 11-моддани бузган.