Жаҳон | 12:11 / 05.09.2022
14405
2 дақиқада ўқилади

Евронинг долларга нисбатан курси 20 йил ичидаги энг паст даражага тушди

2002 йил охиридан бери биринчи марта евро курси 0,9881 АҚШ долларини ташкил қилди. Европадаги газ инқирози ва Украинадаги уруш оқибатлари фонида ягона Европа валютаси арзонлашмоқда.

Фото: Mykola Tys

Европада газ таъминоти билан боғлиқ инқироз фонида ягона Европа валютаси деярли 20 йил ичидаги энг паст даражага тушди. 5 сентябр, душанба куни эрталаб бир еврони 0,9881 АҚШ долларига сотиб олиш мумкин. Охирги марта евро 2002 йил охирида бундан ҳам пастроқ қийматда баҳоланганди.
 
Европа марказий банки (ЕМБ) 2 сентябрда базавий курсни 0,9993 доллар қилиб белгилади. Ягона Европа валютаси ўтган йил давомида аста-секин қадрсизланиб борди ва июнь ойида кескин пасайиб кетди, июль ўрталарида эса долларга етиб олди. Мутахассислар буни Украинадаги уруш оқибатлари ва Россиядан табиий газнинг беқарор етказиб берилиши билан боғлашмоқда. Европалик истеъмолчилар энди импорт қилинадиган товарлар учун кўпроқ тўлашлари керак бўлади, Европа экспорти эса халқаро бозорларда янада жозибадор бўлади. 

Европа марказий банки аллақачон кредит ставкаларини оширган ва инфляцияни жиловлаш учун буни яна амалга оширишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) ҳам шунга ўхшаш чораларни анча тезроқ амалга оширади, бу долларнинг мустаҳкамланишига ёрдам беради. Доллар ва евро охирги марта 2002 йилда, нақд евро муомалага киритилгандан сўнг тенг қийматда баҳоланган эди. 

Россиянинг «Газпром» компанияси 3 сентябр куни «Портовая» компрессор станциясида мой сизиб чиққанини айтиб, «Шимолий оқим-1» орқали газ етказиб беришни қайта тиклашдан бош тортди. Бунга жавобан Германиянинг Siemens Energy AG компанияси «Шимолий оқим» газ қувури ишини тўхтатиш учун ҳеч қандай техник сабаблар йўқлигини маълум қилди. 

Мавзуга оид