Ўзбекистон | 08:00 / 07.09.2022
3159
2 дақиқада ўқилади

Ички саёҳатлар харажатлари бир қисми қандай қайтарилиши тушунтирилди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон бўйлаб амалга оширилган ички саёҳатлар харажатлари бир қисмини қайтариб бериш тизимини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 

Фото: Kun.uz

Саёҳат харажатлари электрон платформа, унинг мобил иловаси орқали қайтарилади. Туризм ва маданий мерос вазирлигига платформани ишлаб чиқиш топширилди. 2022 йил 1 октябрга қадар платформа орқали жойлаштириш воситалари, туроператорлар ва турагентлар, гидлар (гид-таржимонлар), йўлбошчи-инструкторлар ва экскурсоводлар томонидан хизматлар кўрсатилиши учун шароитлар яратилади.

Транспорт вазирлиги томонидан Uztrans интерактив ахборот тизими, «Ўзбекистон темир йўллари», Uzbekistan Airways ва бошқа йўловчи ташиш лицензиясига эга ташкилотлар электрон чипталарни харид қилиш порталлари платформа билан интеграция қилинади.

Платформани ДСҚ махсус мобиль иловаси (SoliqUz) билан интеграция қилиш орқали мобил илова ёрдамида харажатлар ҳақиқийлиги текширилади, чеклар матрицали штрих-кодлари (QR-кодлар) текшириб кўрилади ва саёҳатларни рўйхатдан ўтказган ҳолда маҳаллий туристлар доимий яшаш жойлари кўрсатилади.

Саёҳат харажатлари қуйидаги ҳолларда қайтарилади: авиа, темирйўл ва (ёки) автомобиль транспортидан фойдаланиш; жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш; маданият ташкилотларига ташриф буюриш.

Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади: авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархи 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда; темирйўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархи 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда; жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажати 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда; маданият ташкилотларига ҳар бир ташриф чиптаси нархи 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.

Саёҳат харажатлари учун маблағлар фақат платформа орқали маҳаллий туристлар банк картасига саёҳат якунлангач қайтарилади.

Мавзуга оид