Грэм Поттер аллақачон топ-клублар эътиборига тушган - «Тоттенҳэм» ва «МЮ»да жиддий қизиқишлар бўлганди, ҳатто Англия миллий жамоасида Саутгейтга муносиб ворис бўлиши айтилаётганди. Лекин... 

Бу хислатлар ҳам «Челси»да муваффақият учун етарли бўлмаслиги мумкин. 

Биринчидан. «Брайтон»да ўз аскарларини хотиржам жамоага айлантириш бошқа, Лондонда юлдузлар билан тил топишиш умуман бошқа. Агар пичоққа илинадиган совринлар, ёрқин футболчилик фаолияти ёки айнан ўша клуб билан боғлиқлик бўлмаса, бу ишда ҳеч бўлмаса, етарли вақтга эга бўлиш учун ҳам улкан билим, салоҳият ва кўникмалар талаб қилинади. Поттер бошидан раҳбарият ишончини ва футболчилар ҳурматини қозониши учун дарҳол нимадир ижобий томонга ўзгариши керак.  

Балким, қачондир, бирор топ-клубда, Поттер услубига яқин бўлган мураббий бўшаса-ю, тайёр қурилган тизимни давом эттириш учун у идеал номзод бўларди, лекин сочилиб ётган жамоани қайта бир бутунга айлантириш осон эмас. Табиийки, Поттер учун янгича синов. 

Умуман Англияда қўйи жамоаларда муваффақият қозониб, топ-клублардаям ўша даражада ишлаб кетиш ҳолатлари жуда кам. Дарҳол, Давид Мойес ёдга келади. 

Рожерс ва Почеттинонинг ишларини яхши баҳолаш мумкин, аммо масалан, Рожерсники бир йилдан узоққа чўзилмаган, Почеттино эса юлдузли жамоага келмаганди. Кейн, Сон каби футболчилар айнан Почеттино даврида юлдузга айланишди, шунинг учун аргентиналик мутахассисга улар билан ишлаш осон бўлган. 

Иккинчидан. Биз «Брайтон», «Саутҳэмптон» ёки «Вулвз»даги мураббий ишларига доим эмас, маълум паллаларда, жамоалар юқори спорт формасида бўлганда ёки топ клубларга қарши муносиб ўйнаганда диққат қиламиз. Масалан, «Брайтон» ўтган йили ҳам 8-турдан кейин 4-ўринда турганди. Кейин, маълум муддат 15-ўринга тушиб кетган пайтлар бўлди. Ўнгланиб, 10ликка қайтди ва ҳоказо.

Айтмоқчиманки, кичик клублардаги жараёнлар, пасайишлар босимдан холи кечади, 15-ўринга мос таркибга эга жамоани 12-ўринга олиб чиқдингизми, 8-ўрингами, унча фарқ қилмайди. Ҳар қандай 5 ўйиндан, шартли 2тасини ютиш етарли бўлади.

«Челси»да ундай эмас. Ўша 5 ўйиннинг ҳаммасини ютиш талаб қилинади, ютуқлар эмас, мағлубиятлар таҳлил қилинади, ҳатто жароҳатлар каби объектив сабаблар ҳам инобатга олинмайди. 

Учинчидан. Бошқарувда ҳам осон эмас. Муваффақиятсизликка учраб юрган шартли Уэлбекни сотиб оласиз, ўхшаса – ютуқ, ўхшамаса – ўзи Уэлбек бошқа жамоалардаям ўйнолмаётганди, айб футболчида. Бу «Брайтон»да.