Ўзбекистон | 10:46 / 10.09.2022
15151
1 дақиқада ўқилади

«Счётчик»лар носозлигида уларни янгисига алмаштириш харажати ким ҳисобидан қопланиши айтилди

Электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичлар) қиёслашдан ўтказишда ҳисоблагич носозлиги аниқланса, уларни таъмирлаш ёки янгисига алмаштириш билан боғлиқ харажатлар кимлар ҳисобидан қопланиши тўғрисида маълумот берилди.

Ҳукумат 698-сон қарори билан электр энергияси, табиий газни, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича регламентлар тасдиқланган.

Регламентларга мувофиқ, жисмоний шахслар ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи шахслар ҳисобга олиш ускуналарини таъмирлаш ёки янгисига алмаштириш харажатлари тегишлича ҳудудий электр тармоқлари корхоналари, газ таъминоти ташкилотлари, сув таъминоти ёки ҳудудий иссиқлик таъминоти корхоналари маблағлари ҳисобидан қопланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 215-5-моддасига кўра, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни бузиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Шунга кўра бу соҳада таъминотчи корхоналар ходимлари томонидан юқоридаги регламентлар талабларига риоя этилмаслик, ҳисоблагич учун ортиқча маблағ ундириш каби ҳолатлари аниқланганда Адлия вазирлиги 1008 ва 1148 ишонч телефони рақамларига ёки info@adliya.uz электрон почтага мурожаат қилиш мумкин.

Мавзуга оид