— Янги ўқув йилининг илк кунларида доимгидек яна хаос юзага келди. Талабалар ҳар тарафда сарсон-саргардон бўлди. Ҳеч бўлмаганда бошланғич курс талабаларини ўқиш бошланмасдан олдинроқ ётоқхонага жойлаштириб, кейин чақиришнинг иложи йўқми? Ёки ўқишни бир неча кун кечиктириш мумкиндир балки? Агар талаба ўқишга келса-ю, елкасида юки бўлса, унинг хаёлига ўқиш сиғмайди.
— 5 сентябр куни талабаларнинг маълум бир қисми ўқув жараёнлари тугагунга қадар ётоқхонага жойлаша олмаган ҳолатлар кузатилди. Лекин талабалар турар жойларга жойлаштириш 29 августдан бошланган. Олдинроқ келганларда муаммо бўлмаган. Ўқув бошлангандан кейин келганлар бироз қийналди.
Вазирликнинг барча ходимларини чиқардик. Ўзим ҳам чиқдим ўша куни. Талабалар турар жойларга жойлаштирилди. Тегишли мезонлар асосида жойлаштириш бироз вақт талаб қилади. Умуман олганда, беш юлдузли меҳмонхонага борсангиз ҳам, токи сизнинг ҳужжатингизни расмийлаштиргунга қадар юкларингиз бироз муддат ўзингиз билан туради. Ҳатто дипломатик паспорт билан бирор ерга борсак ҳам, 10-15 дақиқа юкимиз билан кутишга тўғри келади.
Ётоқхонага жойлаштиришда ҳам бироз кутиш ҳолати учрайди. Лекин ҳеч ким кўчада қолмайди. Ректорлар ҳам, тюторлар ҳам бу бўйича топшириқ олган.
— Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2022 йил охирига қадар Тошкент шаҳрида 11 та таълим муассасаси учун ётоқхоналар қурилиши керак эди. Аммо шу кунгача битта, фақат ЎзДЖТУ учун ётоқхона қурилган. Қолган уч ой ичида 10 та ётоқхона қуриб битказиладими? Бунга қандай улгуриш мумкин? Агар бу кейинги йилга қоладиган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида 2023, 2024, 2025 йил учун ҳам алоҳида режалар бор. Режалар ортга сурилиб кетмайдими?
— Қурилиш масаласини 100 фоизга оқламоқчи эмасман. Ташвишларингизга асос бор. Фақат ЎзМУ мисолида оладиган бўлсак, талаба 5 та таълим муассасасини белгилаяпти. Айрим талабалар ҳозир ҳам тўхтамга келгани йўқ. Биз уларга яна бир имкон бердик. Яқинда супер-контракт бўйича қўшимча чоралар кўрилди. 5 сентябр куни бироз кутиб қолиши ҳам мана шу омиллар билан боғлиқ.
Аслида қачон у талаба ҳисобланади? Икки томонлама шартномани имзолаб, оз бўлса-да пул тўлов қилса, шундан сўнг талаба ҳисобланади. Шундан сўнг у дарсга келиши керак. 15 сентябргача муддати бор. Биз буни эълон қилганмиз. Лекин барибир улар ҳам жойлаштирилди.








