Бугун, 9 сентябр куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда вазир Абдуқодир Тошқулов, ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев, сектор раҳбарлари ва ОТМ ректорлари қатнашди.

Қайд этилишича, ҳозирда Тошкент шаҳридаги олийгоҳларнинг 92 тасида ётоқхона қуввати 35 636 ўринни ташкил этади. Бугунги кунда 27 354 нафар талабанинг ётоқ жой бўйича эҳтиёжи қондирилган.

2022 йилда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисоби ҳамда инвестиция дастури доирасида яна 30 956 ўринли 60 та лойиҳа амалга ошириляпти.

Йиғилишда вазирлик вакиллари бу каби чоралар етарли эмаслиги, бошқа имкониятларни ҳам излаб топиш кераклигини айтиб, қатор таклифларни ўртага ташлади.

Ўз навбатида, Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида қурилган “Tashkent Index” савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли тадбиркорлар биносини бир ҳафта муддатда давлат хусусий шериклик шартлари асосида талабалар учун турар жойга айлантириш таклифини берди.

Йиғилиш иштирокчилари таклифни қўллаб-қувватлади.