Украина қуролли кучлари Харкив областида ҳужум қилишда давом этмоқда. Шанба куни украин кучлари логистик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган Купянск шаҳрига киришди, Россия қўшини ушбу йирик шаҳар марказини тарк этишган. Жануброқдаги яна бир муҳим аҳамиятга эга бўлган марказ, Изюмга олиб борувчи йўл ўтадиган Лиман шаҳрига ҳам ҳужум қилинмоқда. Бу эса Изюм икки томондан ҳам ўраб олинганини англатади. Россиянинг Изюм атрофидаги 10 мингдан ортиқ қўшини қуршовга тушиш хавфи остида қолган, РФ мудофаа вазирлиги бу ҳудуддаги қўшинлар «ДХР» ҳудудига ўтказилаётганини маълум қилган.
Сўнгги кунларда Украина қуролли кучлари Харкив областидаги муҳим аҳамиятга эга Балаклия шаҳри ва яна 30 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқларни озод қилганди.
Ижтимоий тармоқда тарқалган видеолардан бирида Купянск шаҳрига кириш жойида зирҳли машинада ўтирган украин аскарларини кўриш мумкин.
Россияпараст телеграм-каналларнинг айримлари украин кучлари шаҳарнинг фақат ғарбий қисмини эгаллаб, Оскол дарёсигача (дарё шаҳарнинг шарқини ғарбидан ажратиб туради) етиб боргани ҳақида ёзди. Аммо украин кучлари шаҳарни тўлиқ назоратига олгани ҳақида ҳам хабарлар бор.
Оператив нуқтайи назардан шаҳарнинг шарқий қисми бой берилгани ҳам Россиянинг Изюмдаги гуруҳига шимолдан таъминот етказиб беришни имконсиз қилиб қўяди. Гап шундаки шаҳарда Купянск темирйўл станцияси жойлашган, у орқали Россиянинг Изюм ҳудудидаги йирик гуруҳига таъминот етказиб келинаётганди.

Станция шарқий соҳилда жойлашган, аммо дарёнинг нариги соҳилидан туриб уни осонгина ўққа тутиш мумкин. Шу тариқа, Изюм гуруҳи асосий таъминот линиясидан узилиб қолади.
Харкив области кенгаши раиси маслаҳатчиси Наталья Попова фейсбукдаги саҳифасида шаҳар марказида турган украин аскарлари суратини эълон қилди.
«Купянск — бу Украина! Украина қуролли кучларига шон-шарафлар бўлсин!», — деган Попова ва Купянскдаги маъмурий бино олдида украин байроғини кўтариб турган украин аскарлари суратини жойлаштирган. Россиянинг «Агентство» нашри суратдаги бино Купянск шаҳар кенгаши биноси эканини тасдиқлади.

Россия ҳарбийлари Изюмни ташлаб кета бошлади, Лиманга ҳужум қилинмоқда
Тонгда Россия қўшини Изюмни тарк этаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Бу ҳақда қўшинларда ўз манбаларига эга бўлган россиялик бир неча блогер хабар берган.


















