Умрида бир марта бўлса-да Қашқадарёга бормаган одамлар орасида бу вилоятни фақат чўллардан иборат, иссиқ жой деб ўйлайдиганлар етарлича бор. Аслида эса чўллар билан бирга Ўзбекистондаги энг баланд тоғлар, ёзда ҳам одам совқотадиган салқин жойлар ва чиройли манзаралар Қашқадарё вилоятида жойлашган.

Вилоятнинг Чироқчи, Кўкдала, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, ва Деҳқонобод туманларининг бир қисми тоғли ҳудудлардан иборат. Тоғларнинг қуйи қисмида ўрмонлар ва бутазорлар, юқори қисмида музликлар жойлашган бўлиб, у ерда кўплаб ноёб ҳайвонлар яшайди.

Тоғлардаги ёввойи табиатни асраш учун Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманларининг тоғли қисмида «Ҳисор» давлат қўриқхонаси ташкил этилган.

Яқинда Kun.uz’нинг бир гуруҳ ходимлари Ўзбекистоннинг энг баланд нуқталардан бири бўлган «Ҳазрати Султон зиёратгоҳи» чўққисига чиқиш учун Қашқадарёга борганида  «Ҳисор» давлат қўриқхонасида ҳам бўлиб, у ерда ишловчи ходимларнинг фаолияти билан танишди.

 «Ҳисор» қўриқхонаси ҳақида

Қўриқхона илмий ходими Беҳруз Бегалиевнинг маълумот беришича, «Ҳисор» давлат қўриқхонаси 1983 йилда Қашқадарё вилоятидаги икки мустақил Мироқи ва Қизилсув қўриқхоналарини бирлаштириш натижасида ташкил этилган.

Қўриқхона ҳудуди «Ҳисор» тоғ тизмасининг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, унинг умумий майдони 81 минг гектар. Шундан 2 минг гектар ҳудуд экотуризмни ривожлантириш учун ажратилган қўриқланма зона ҳисобланади.

Қўриқхона 4 та бўлимга бўлинган:

— Ғилон бўлими – 18 838,1 гектар;

— Мираки бўлими – 11 821 гектар;

— Танхоздарё бўлими – 20 233 гектар;

— Қизилсув бўлими – 30 094 гектар.