Украина мудофаа вазири Олексий Резников фейсбукдаги саҳифасида Украина бўйича «Рамштейн» форматидаги контакт гуруҳи конференцияси якунларига бағишланган матн эълон қилди. Вазирнинг сўзларига кўра, мамлакатга хориждан ҳарбий ёрдам етказиш нисбатан узоқ муддатга мўлжалланмоқда, чунки донор давлатлар ўз захираларидан қурол етказиб бериши осон бўлмайди
Вазирнинг сўзларига кўра, ёрдамнинг янги босқичи шиори «барқарорлик, узоқ муддатли ва ўқитиш» (sustain, long-term, training) бўлади.
«Эркин дунё мамлакатлари қитъада Иккинчи жаҳон уруши андазасидаги кенг кўламли урушга ҳозирлик кўрмаган эди. Шу туфайли ҳамкорларимиз томонидан захиралар ҳисобига кўрсатилиши мумкин бўлган оператив ёрдам ресурслари чекланган», деган Резников.
Аввалроқ экспертлар Ғарб мамлакатлари ўз қуролли кучлари захираларидан Украинага қурол-яроғ, ҳарбий техника ва бошқа турдаги ҳарбий ёрдамларни узоқ вақтгача етказиб беришда давом эта олмаслигини айтишганди. Резниковнинг сўзларига кўра, бу энди контакт гуруҳи йиғилишларида муҳокама мавзусига айланди.
Маълум бўлишича, эндиликда Украина учун қуроллар армия омборхоналаридан эмас, ишлаб чиқариш заводларидан етказиб берилади.
Украинлар вазирининг сўзларига кўра, НАТО умумий режа тайёрлайди, у нафақат Киевга тўғридан тўғри ёрдам етказиб беришни, балки донор давлатлар захираларини тўлдиришни, шунингдек, Ғарбдан компенсация сифатида янги қуроллар олиш эвазига ўз қуроллари, ўқ-дорилари ва техникаларини Украинага беришга тайёр бўлган мамлакатлар учун қурол-яроғ ишлаб чиқишни назарда тутади.
«Ҳарбий-саноат комплексига инвестиция киритиш масалалари, Россияга қаршилик кўрсатиш заруратини инобатга олган ҳолда, тез орада НАТО доирасидаги алоҳида сессияда кўриб чиқилади. Рамштайнда альянс бош котиби Йенс Столтенберг умумий йўналишларни жуда аниқ белгилаб берди», дея ёзди Резников.
«Уч даражали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими»
Конференцияда муҳокама қилинган яна бир мавзу Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб бериш бўйича бўлган.
Олексий Резниковнинг сўзларига кўра, Украина Ғарб мамлакатлари кўмагида тўлақонли «уч даражали» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини қуради, вазир унинг қурилишини «энг муҳим устувор вазифа» деб атади.
Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими эски, советлар давридаги мажмуаларга асосланган. Бу мажмуалар орасида нисбатан кучлироғи бўлганлари ўрта масофада ҳаракатланувчи С-300ПС ва С-300ПТ зенит-ракета мажмуалари бўлиб, 1980-йилларда ишлаб чиқилган. Улардан ташқари армия ихтиёрида ўрта масофада ҳаракатланувчи Бук-М1, яқин масофада ҳаракатланувчи Тор-М, С-125, шунингдек, қўлда кўтариб юриш мумкин бўлган турли қурилмалар ва артиллерия қуроллари бор.

















