13 сентябр, сешанбага ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбойжон Қуролли кучлари бир қатор чегарадаги арман аҳоли пунктлари йўналишини жадал ўққа тута бошлагани ҳақида хабар берди. Ўз навбатида, Озарбойжон ҳукумати Ереванни чегаранинг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларидаги «кенг кўламли диверсия»да айблади. 

«13 сентябр куни соат 00:05 да Озарбойжон Қуролли кучлари бўлинмалари Горис, Сотк ва Жермук аҳоли пунктлари йўналишида артиллерия ва йирик калибрли ўқотар қуроллардан фойдаланган ҳолда кучли ўт очди. Арманистон қуролли кучларининг позициялари ўққа тутилди», - дея маълум қилди арман ҳарбий идораси. 

«Озарбойжоннинг кенг кўламли провокацияси натижасида бошланган интенсив отишмалар давом этмоқда. Арманистон Қуролли кучлари бунга мутаносиб равишда муносабат билдирмоқда», — деб хабар қилди кейинроқ мамлакат Мудофаа вазирлиги. 

Айни пайтда, Бокунинг таъкидлашича, кечаси «Арманистон Қуролли кучларининг диверсия гуруҳлари Озарбойжон армияси бўлинмалари позициялари орасидаги ҳудудлар ва таъминот йўлларини миналаб қўйган». «Ушбу ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича бўлинмаларимиз томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида жанг содир бўлди», — дея таъкидлади Озарбойжон Мудофаа вазирлиги ва шахсий таркиб орасида йўқотишлар қайд этилганини қўшимча қилди. Озарбойжон ҳарбийлари «Арманистон Қуролли кучларининг ўт очиш нуқталарини ўчириш ва ҳарбий можаро кўламининг кенгайишига йўл қўймаслик учун» зарур чораларни кўрмоқда», — дея маълум қилди Боку. 

Озарбойжон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, арман томони шахсий таркиб ва ҳарбий техника бўйича талафот кўрган. Бирмунча вақт ўтгач, Ереван тафсилотларни келтирмаган ҳолда йўқотишлар борлигини тасдиқлади. 

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди Арманистон ҳукумати матбуот хизмати. Вазирлар маҳкамаси раҳбари чегарадаги вазият ҳақида гапириб, Озарбойжоннинг ҳаракатларини «провокацион» деб атади ва «халқаро ҳамжамиятнинг адекват муносабати» муҳимлигини таъкидлади. Кремл бу ҳолат бўйича ҳозирча изоҳ бермади. 

Арманистон Хавфсизлик кенгаши «Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш учун» Россияга, шунингдек, Озарбойжон билан чегарадаги вазият туфайли Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ва БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилишга қарор қилди, деб хабар берди Арманистон ҳукумати.