08:02 / 13.09.2022
6217

Чехия собиқ бош вазири Бабиш судга тортилди

Андрей Бабиш Европа иттифоқи субсидиялари билан фирибгарликда гумон қилинмоқда. Чехия собиқ бош вазири бу ишни сиёсий деб ҳисоблайди. Прокурор шартли жазо ва жарима сўраган. 

Фото: AP

12 сентябр, душанба куни Прага шаҳар суди Чехия собиқ бош вазири ва мамлакат парламенти қуйи палатаси депутати Андрей Бабишга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. Собиқ ҳукумат раҳбари Европа иттифоқининг икки миллион евролик субсидиялари билан фирибгарликда гумон қилинмоқда. 

Бабиш Прага яқинидаги «Лайлак уяси» меҳмонхонасини қуриш учун дастлаб кичик ва ўрта бизнес учун мўлжалланган Европа иттифоқи маблағларидан фойдаланганликда айбланган. 2006 йилда келажакдаги меҳмонхона учун ер Бабишга тегишли бўлган Agrofert холдинги томонидан сотиб олинди. Айблов томони у бу фактни яширган деб ҳисоблайди. Меҳмонхона эгалари Бабишлар оиласига мансуб. 

Тергов бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Жорий йил март ойида Чехия парламентининг қуйи палатаси Прага прокуратураси талабига биноан Бабишни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилган эди. Прокурор собиқ бош вазирга 3 йил синов муддати ва 10 миллион крон (407 минг евро) миқдорида жарима жазоси тайинлашни сўради. 

Бабиш барча айбловларни рад этди ва суд жараёни сиёсий эканлигини таъкидлади. У жиноий ишни келаси йили Чехия республикасида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари билан боғлади, унда у номзод сифатида иштирок этиши кутилмоқда. 

«Мен ўзимни айбдор ҳис қилмайман. Мен айбсизман. Мен сиёсатда бўлганим учунгина бу ерда турибман. Агар сиёсатда бўлмаганимда, ҳеч ким «Лайлак уяси» ҳақида эшитмаган бўларди», - деди Бабиш суд мажлисидаги кириш сўзида.

Бабиш 2017 йилдан 2021 йилгача мамлакат бош вазири лавозимида ишлаган. Молиявий фирибгарлик можароси туфайли истеъфога чиққанидан сўнг, у ўзининг марказий сиёсий партияси НФҲ («Норози фуқаролар ҳаракати») билан биргаликда ҳозирги ҳукуматга қарши чиқди. Бабиш 4 миллиард долларлик бойлиги билан Forbes журнали талқинига кўра Чехиянинг энг бой фуқаролари орасида бешинчи ўринни эгаллайди. 

Top