ШҲТ ҳақида

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) – 2001 йил 15 июнда Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилот. ШҲТнинг вужудга келиш тарихи “Шанҳай бешлиги“ деб аталган уюшма фаолияти билан боғлиқ. Дастлаб Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон давлатлари раҳбарлари (“Шанҳай бешлиги“) учрашуви бўлиб ўтган. Унда чегарадош мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш (1996 йил) ва қўшма чегарада қуролли кучлар ва қурол-яроғларни қисқартириш (1997 йил) тўғрисида 2 та битим имзоланган эди.

ШҲТнинг халқаро майдондаги таъсири ўсиб бориши билан минтақадаги бошқа давлатларнинг ҳам мазкур ташкилот фаолиятида иштирок этишга бўлган қизиқиши ортди. 2017 йилда ШҲТ сафи икки янги иштирокчи – Ҳиндистон ва Покистон билан кенгайди. Ҳозирда 8 мамлакат ШҲТнинг доимий аъзоси ҳисобланади, 4 мамлакат эса кузатувчи мақомига эга (Беларус, Афғонистон, Эрон, Мўғулистон) ва 6 мамлакат мулоқот бўйича ҳамкорлар саналади (Туркия, Озарбойжон, Непал, Шри-Ланка, Камбоджа, Арманистон).

Самарқанд саммитида Эрон ШҲТ янги доимий аъзоси сифатида таништирилиши кутилмоқда.

Самарқанд саммитида кимлар иштирок этади?

Самарқанд саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Россия президенти Владимир Путин, Хитой раиси Си Жинпинг, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Беларус президенти Александр Лукашенко, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, БМТ ҳамда унинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, ЮНЕСКО, МДҲ, КХШТ, ЕОИК, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси каби халқаро ташкилотлар ҳам Самарқанд саммитида иштирок этади.

«ШҲТ — Ғарбга қарши тузилган ташкилот эмас»

Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматилла Нуримбетов Kun.uzʼга берган интервьюсида аъзо давлатлар етакчилари глобал ва минтақавий масалалар бўйича фикр алмашиши мумкинлиги, аммо бу масала бўйича қарор лойиҳаси, ҳужжатлар, энг асосийси, Самарқанд декларациясида ҳам ҳеч қандай геосиёсий мақсадларни кўзлайдиган баёнот, чақириқлар бўлмаслигини