18:05 / 14.09.2022
19978

«Вазият мураккаб». «ЛХР»дагилар Украина қўшини яқинлашиб келаётгани ҳақида хабар бермоқда

© РИА Новости / Валерий Мельников

Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «Луҳанск халқ республикаси» халқ милицияси вакили Андрей Марочко украин қўшинлари республика чегараларига яқинлашиб келгани ҳақида маълум қилди.

У «Россия 1» эфирида айтишича, айрим участкаларда тўқнашув чизиғи «ЛХР» назоратидаги ҳудудлар чегарасидан тахминан 10 километр масофадан ўтмоқда. «Ҳарбий ҳаракатлар учун бу жуда қисқа масофа», — деган у ва «вазият чиндан мураккаб тус олгани»ни қайд этган.

Марочко «ЛХР» ҳудудлари «халқ милицияси» ва «иттифоқчи кучлар» томонидан «тўлиқ назорат қилинаётгани»ни таъкидлаган. Аммо, унинг қайд этишича, сўнгги кунларда Украина қуролли кучлари томонидан берилаётган зарбалар «геометрик прогрессия бўйича ўса бошлаган».

  • Луҳанск областидаги кичик ҳудуд — Верхнекаменское қишлоғи атрофини «ЛХР» Украина қуролли кучлари қарши ҳужуми бошланишидан олдин ҳам назорат қилмаётганди. Сўнгги кунларда бошқа йўналишларда ҳам, хусусан Харкив областида Купянск ҳудудида ва Донецк областида Ямполда фронт чизиғи Луҳанск областига яқинлашди.
  • Август ойи охири — сентябр ойи бошида украин ҳарбийлари Херсон ва Харкив областларида кенг кўламли қарши ҳужум бошлади, натижада, 13 сентябр куни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича, жами 6000 квадрат километр ҳудуд озод этилган.
  • Украинанинг Луҳанск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай 14 сентябр куни регионда аллақачон деоккупация бўйича област штаби тузилганини маълум қилди. Шу билан бирга, у сабрли бўлишга чақирган. «Афсуски, биз эртагаёқ Луҳанскда бўла олмаймиз, аммо бу тез орада рўй беради», — дея ёзган у.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top