Украина армияси олти кунлик юриш давомида Харкив ва Донбассга таҳдид солиб турган Изюм тўсиғини олиб ташлади ва Россия ҳарбий қисмларини шарқда Оскол дарёсининг нариги соҳилига, шимолда эса чегара ортига чекинтирди. «Украина Изюмни олиши Россия Донецк областида ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш истиқболларига чек қўйди», деб ҳисоблайди Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) мутахассислари.
«Ҳозирги қарши ҳужум урушга якун ясай олмайди. Эртами кечми у якунланади, Россияда эса янги мудофаа чизиғини ташкил этиш, ҳатто кичик қарши ҳужумларга ўтиш имкони туғилиши мумкин. Уруш, катта эҳтимол билан, 2023 йилга қадар чўзилади. Аммо Украина можарода бурилиш ясади ва ташаббусни ўз қўлига олди. Энди Киев Москвани ўзига қулай бўлган жойларда жанг қилишга мажбурлаши мумкин», дейилади институт ҳисоботида.
Воқеалар тарихи
Баҳордан ҳозиргача Россия қўшини украинларнинг Донбассдаги мустаҳкам истеҳкомларини штурм қилиб келади. Урғу артиллерия тизимлари сонидаги катта устунликка ва хусусий ҳарбий компанияларнинг профессионал ҳарбийларини жалб этишга қаратилди. Аммо бу тактика ҳам тўхтаб қолди.
Россия кучларининг сўнгги йирик муваффақияти июн ойи охири - июл ойи бошида Северодонецк ва Лисичанск босиб олиниши бўлганди. Шундан буён Россия Донбассда сезиларли муваффақиятга эриша олмади.
Июл ойи охирларидаёқ Украина армияси жанубда йирик юриш бошлашга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Кўплаб ҳарбий таҳлилчилар Россиянинг Херсон ва Кривой Рог йўналишидаги гуруҳлари позицияси мустаҳкам эмаслиги, Днепрнинг ўнг соҳилидаги бу қўшинларни таъминотдан узиб қўйиш ва кейин қуршаб олиб, йўқ қилиш имконияти борлигига эътибор қаратишди.
Украина қўмондонлигининг жанубий фронтдаги ҳаракатлари бу картинага тўла мос келади. Фронтга қўшимча кучлар олиб келинмоқда, украин ҳарбий бўлинмалари ҳужумкор амалиётлар сериясини ўтказмоқда, Ингулец дарёсининг чап соҳилидаги плацдарм эгалланган, Америкадан етказилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари орқали Днепр дарёси устидан ўтган кўприклар мунтазам равишда ўққа тутилмоқда - бу йўллар фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келтирилган. Россия қўшинларининг фронт ортидаги ҳарбий объектларига доимий зарбалар берилмоқда, август ойи ўрталарида аннексия қилинган Қримда ҳам кучли портлашлар рўй бера бошлади.

Россия қўмондонлиги жанубда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди. У ерга Донбассда жанг қилган қисмлар ва янги шакллантирилган бўлинмалардан иборат каттагина қўшимча куч ташланганига қарамай, уларни Днепрнинг ўнг соҳилига олиб ўтиш ва жангга ташлашга шошилишмади.




















