Муаммонинг бошланиши

Бу можаро объекти бўлиб турган хусусий шифохона биноси Тошкент шаҳрида жойлашган ва анчагина йирик — 2,3 минг кв/м майдонга эга. Бино “Denta-Servis” хусусий корхонасига тегишли бўлиб, бу корхона 1993 йилда Хўжаев Камол Низомович томонидан таъсис этилган. Қизиғи, қарийб 30 йилдирки унинг раҳбари ҳaм, таъсисчиси ҳaм ўзгармаган ҳамда бу факт барча давлат рўйхатларида қайд этиб келинган.

2020-2021-йилларда корхона таъсисчиси томонидан Чилонзор тумани “Чарх-Камолон” МФЙ, Новза кўчаси 16-уйда жойлашган, 2,3 минг кв/м майдонга эга шифохона сотувга қўйилади. Харидорлар чиқа бошлайди, воситачи маклерлар ўз хизматларини таклиф этиб келишади. Улардан бири харидорларга кўрсатиш важи билан бинога ва ташкилотга тегишли ҳужжатлардан нусха кўчириб олади. Кўнгилдаги нархда харидор чиқмагани, зарур маблағ бошқа манбалардан топилгани сабаб бино сотилмайдиган бўлади.

Орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтиб, 2022 йилнинг 5 июлида Халқ банки Жиззах филиали томонидан корхона номига талабнома келиб тушади ва бу хабар мулк эгаларига саратонда урилган яшиндек таъсир қилади. Унга кўра, Халқ банкидан қарийб 700 минг доллар кредит олиш учун корхонага тегишли хусусий шифохона биноси гаровга қўйилгани, қарз тўланмаётгани учун ундирув бу мулкка қаратилаётгани назарда тутилганди.

Ҳазил эмас, чин!

Дастлаб корхона раҳбарияти бу талабномани англашилмовчилик дея қабул қилади. Аммо расмий хатнинг тагига етиш учун Жиззахга йўл олишади. Халқ банки маҳаллий филиалида уларни баттар ҳайратга солишади ва бинони гаровга қўйиб, кредит олинганига оид папка тақдим этишади. N 110 рақамли кредит шартномасининг қисқа мазмуни шунда эдики, “Ayzenburg Ekspert” МЧЖ банкдан қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида 700 минг доллар кредит сўраган, “Yagona Sof Kapital” МЧЖ номли яна бир корхона кафил бўлиб иштирок этган ва гаров сифатида “Denta-Servis” хусусий корхонасига тегишли бино қўйилгани қайд этилган эди. Бундай бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги саволларга жавобан эса уч томонлама, жумладан “Denta-Servis” корхонаси раҳбари иштирокида имзоланган, нотариал тасдиқланган ипотека шартномасини ҳaм тақдим этишади. Халқ банки бу шартномага асосан 700 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган ва дастлабки транш сифатида 490 минг АҚШ долларини “Ayzenburg Ekspert” МЧЖга ўтказиб бергани, аммо кредитни сўндириш белгиланган муддатларда амалга ошмай, қарздорлик фоизлари билан деярли 500 минг долларга етгани маълум бўлади.

Нотариусга саволлар

Энг қизиқ нуқта аслида шу ерда. Чунки кредитга умуман алоқаси бўлмаган ташкилотнинг бу ишга аралашувига ва унга тегишли бинонинг гаровга бериб юборилишига ҳуқуқий acoc айнан мана шу ерда яратилган. Яъни банкка тақдим этилган ипотека шартномаси қалбаки эмас, расман тасдиқланган бўлган. Хуллас Жиззах шаҳри Ҳамроқулов кўчаси 1-уйда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Акмал Бойматов томонидан 2021 йил 27 май куни уч томонлама келишув асосида ипотека шартномаси имзоланиб, нотариал тасдиқланади. Унга кўра “Ayzenburg Ekspert” МЧЖга банк 2021 йил 27 май куни имзоланган (!) N 110 рақамли кредит шартномаси асосида 700 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратади.