Донецк ва Луҳанскдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «республика»ларда шошилинч равишда Россияга «қўшилиш» бўйича референдумлар ўтказишга чақириқлар янграмоқда. 19 сентябр куни «ДХР» ва «ЛХР» раҳбарлари Денис Пушилин ва Леонид Пасечникка икки регион жамоат палаталари томонидан мурожаатлар йўлланди. Луҳанскдаги палатадагилар референдумни «зудлик билан», Донецкда эса  — «кечиктирмасдан» ўтказишга чақирилган. «ДХР» ва «ЛХР» раҳбарлари бундай референдумлар ўтказиш режалари ҳақида 2022 йил мартидаёқ айтишганди.

«ДХР» раҳбари Денис Пушилин «ЛХР» раҳбарига референдумларга биргаликда тайёрланишни таклиф этган. Пушилин ўз телеграм-каналида Леонид Пасечник билан мулоқоти акс этган видеони жойлаштирган. Видеоёзувда «ДХР» раҳбари Пасечникка «ДХР» ва «ЛХР» расмийларининг «референдумга тайёргарлик кўриш учун қадамлар ишлаб чиқиш» саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни таклиф қилганини кўриш мумкин.

Херсон областининг россияпараст маъмуриятида ҳам имкон қадар тез фурсат ичида Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказиш истаги билдирилган. Бундай баёнот Херсон областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов тилидан янграган. Унинг сўзларига кўра, Россия томонидан эгалланган ҳудудларда «Россия кетиб қолишидан қўрқаётган» аҳоли «улар ташлаб кетилмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун» шундай референдум ўтказиш бўйича таклиф бермоқда. 

20 сентябр куни Херсон областининг Россия томонидан тайинланган раҳбари Владимир Сальдо ҳудуднинг Россия таркибига қўшилиши бўйича референдум ўтказишга қарор қилингани ҳақида айтди. Шу куни Запорижжя области ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари Евгений Балицкийдан ҳам Россия таркибига қўшилиш бўйича референдум ўтказишни сўрашди. Унинг айтишича, бу таклиф «Мы вместе с Россией» ҳаракати томонидан берилган.

Ҳозирча тўрт ҳудудда ҳам референдумларни ўтказиш санаси маълум қилинмаган. РФ Давлат думасидагилар «ЛХР»да референдум 2022 йил кузидаёқ ташкиллаштирилиши мумкинлигини айтмоқда. Депутат Виктор Водолацкий шундай деган: «Ўйлайманки, бу яқин орада бўлади. Республикалар раҳбарлари бу мурожаатларда тез орада муносабат билдириши керак. Бу кузда бўлади, ундан кеч эмас». Депутатнинг сўзларига кўра, «ЛХР»даги сайлов тизими референдум ўтказишга (у «ДХР»да референдум ўтказилиши ҳақида ҳеч нарса демаган) 100 фоиз тайёр ҳолатда. «ДХР» жамоат палатасидагилар овоз бериш жараёни бир неча кунга чўзилиши мумкинлигини билдирган.

«Украина қуролли кучлари уларни бош берк кўчага тиқиб қўйди»

Украина ҳукуматидагилар Донецк ва Луҳанск худди Қрим каби Украина ҳудуди эканини таъкидламоқда. Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк «референдумлар» ҳақидаги хабарларни шарҳлар экан, «россиялик пропагандачилар унга худди панацея (ҳар дардга даво) каби муҳаббат қўйишгани»ни айтади.