Август ойи охири – сентябр ойи бошида Украина қуролли кучлари бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда қарши ҳужум бошлади. Бу жараён айниқса Харкив вилоятида муваффақиятли кечди. Босиб олинган ҳудудларни ушлаб тура олмаган Россия армияси учун чекиниш бу урушдаги энг катта мағлубият бўлди. Ваҳоланки, россиялик сиёсатчилар бу ҳудудларни ҳеч қачон тарк этмасликка ваъда беришган эди. Ҳарбий экспертлар Meduza билан суҳбатда Россия армияси эгаллаган ҳудудларини нега ушлаб қололмагани ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди.

Нега Россия разведкаси қарши ҳужум бошланган жойни ва Украина ҳужуми йўналишини аниқлай олмади? Ёки аниқлаган бўлса ҳам, қўмондонлик бунга аҳамият бермадими? Ахир, ҳатто рус ҳарбий мухбирлари ҳам сентябр ойи бошида Балаклия ҳудудида ҳужум тайёрланаётгани ҳақида бир неча бор хабар беришган. Бу қўмондонлик сифати билан боғлиқ муаммоми? Ёки Россия ҳарбийларига бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда ҳимояланиш учун куч етмадими?

Павел Лузин, ҳарбий эксперт: Бу, биринчи навбатда, кучлар етишмаслиги, ҳарбий кадрлар жуда ҳам танқислиги билан боғлиқ. Чунки олти ой давомидаги жангларда ўн минглаб аскар йўқотилса, қуруқликдаги кучлар миқдори камайиб кетади.

Бундан ташқари, разведка билан боғлиқ муаммо ҳам бор. Радиоэлектрон разведка заиф. Ҳаво разведкаси дронлар ёрдамида амалга оширилади, аммо улар уриб туширилмоқда. Россиянинг иккита оптик разведка сунъий йўлдоши олган суратлар шу қадар сифатсизки, улар билан фақат ракеталарнинг парвоз миссияларини режалаштириш мумкин. Бундан ташқари, ушбу сунъий йўлдошлар бир нуқтадан ҳар 16 кунда ўтади: демак, маълумотларни тезкор янгилаб туришнинг имкони йўқ.

Разведка очиқ маълумотлардан ҳам фойдаланиши мумкин. Аммо бунинг учун малакали кадрлар ва бу маълумотлар ҳарбий иерархияда эркин айланиши имконини берувчи тизим керак.

Айтайлик, улар ҳужум тайёрланаётганини кўрди, кейин нима бўлади? Улар одамларни, техникани қаердан олади? Чунки ҳаммаси тугади. Олти ой ўтди ва армиядан деярли ҳеч нарса қолмади.

Ҳенри Шлоттман, эксперт, АҚШ армияси фахрийси: Мен бир неча рус телеграм каналларини ўқидим. Улар ҳақиқатан ҳам украиналиклар қаердан қарши ҳужум бошлашини олдиндан билишган. Менимча, Россия Бош штаби ҳам билган – лекин улар қарши ҳужумга шундоғам дош бера олишларига ишонишган шекилли.

Бундан ташқари, Россия томони украиналиклар қанча захира тўплаганини тўлиқ тушунмаган. Россиянинг OSINT (open source intelligence, очиқ маълумотлар асосида разведка) ҳамжамияти каналларида баъзи рақамлар тилга олинди, аммо Бош штаб бу рақамларга ишонмади ёки украиналиклар имкониятига етарли баҳо бермади. Ёки улар асосий зарба барибир Херсонга берилади деб ўйлашди.