Ўзбекистон | 18:16 / 21.09.2022
22396
3 дақиқада ўқилади

10 йилгача қамоқ. Бош прокуратура хорижий армияга ёлланиш оқибатларидан огоҳлантирди

Россия Украинадаги урушда шахсий таркибни тўлдиришда муаммоларга дуч кела бошлагач, армияда бир йил хизмат ўтаган хорижликларга ўз фуқаролигини беришни ваъда қилмоқда. Москвадаги миграция марказида хориж фуқароларини ҳарбий хизматга олиш йўлга қўйилади.

Фото: Getty Images

Бош прокуратура хориждаги ўзбекистонликларга мурожаат қилиб, ўзбекистонликларнинг чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

«Хориждаги юртдошларимиз диққатига! Ўзбекистонликларнинг чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирор шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

Шунга кўра, чет мамлакатларда бўлиб турган ҳамюртларимизни ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирамиз ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирамиз», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари хабарида.

20 сентябр куни давлат думаси Россия фуқаролигини олишни соддалаштирувчи қонунни қабул қилди. Қонунга кўра, Россия қуролли кучларида камида бир йил хизмат ўташ бўйича шартнома имзолаган хориж фуқаролари Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишлари мумкин бўлади.

Илгари соддалаштирилган тартибда фуқароликни олиш учун хориж фуқаролари камида уч йил шартнома асосида ҳарбий хизмат ўташлари лозим эди. 

Шу куни Москва ҳукумати «Сахарово» миграция марказида хориж фуқароларини Россияда ҳарбий хизматга жўнатишни йўлга қўйиши ҳақида хабар пайдо бўлди. 

Мавзуга оид