“Профессионал таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлари малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
2022 йил 1 октябрдан бошлаб барча профессионал таълим муассасалари директор ва директор ўринбосарлари лавозимига номзодларни саралаш ва тайинлаш Олий таълим вазирлиги платформасидан фойдаланилган ҳолда очиқ танловлар асосида амалга оширилади.
Бошқа вазирлик ва идоралар тизимидаги профессионал таълим муассасалари директорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш олий таълим вазири профессионал таълимни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Профессионал таълим соҳасида малакани баҳолаш маркази томонидан ишлаб чиқариш таълими усталарига берилган малака сертификатлари тегишлилиги бўйича биринчи ва иккинчи малака тоифасига тенглаштирилади.
2023 йил 1 январдан Педагогик инновациялар, профессионал таълим бошқарув ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш институтида таълим менежменти йўналиши бўйича кундузги ва сиртқи таълим шаклларида магистратура мутахассисликлари ташкил этилади.
Ҳар йили институт докторантурасига профессионал таълим назарияси ва методикаси, таълим менежменти ихтисосликлари бўйича илмий изланувчиларни қабул қилиш учун камида 20 та ўрин ажратилади.
Профессионал таълим муассасалари тайёрлов йўналишлари бўйича “Энг яхши ўқитувчи” ва “Энг яхши ишлаб чиқариш таълими устаси” кўрик танловлари республика босқичи ғолиблари Профессионал таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилади ҳамда улар малака тоифасини навбатдан ташқари бир поғона оширишга рухсат берилади.














