Фото: Reuters

Россия президенти томонидан эълон қилинган қисман сафарбарлик – Иккинчи жаҳон уруши давридан буён биринчиси. Путин ўз чиқишида Москва бутун ҳарбий аслаҳалари, жумладан, ядро қуроли билан ҳимояланиши ҳақида огоҳлантирди. 

Ғарб бунга зудлик билан муносабат билдирди: Путиннинг қарори баҳоланган изоҳларда «ваҳима» ва «ожизлик» сўзлари кўп ишлатилди.

Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Путиннинг аҳолини сафарбарликка чақирмаслик тўғрисидаги ўз ваъдасини бузиши унинг босқини муваффақиятсизликка учраётганидан дарак беради, деб ҳисоблайди. 

«Путин ва унинг мудофаа вазири ёмон қуролланган ва ёмон тайёрланган ўн минглаб фуқароларини ўлимга йўллади. Ҳеч қандай таҳдид ва тарғибот Украина бу урушда ғалаба қозонаётгани, халқаро ҳамжамият бирлашгани ва Россия глобал қувғиндига айланаётганини яшира олмайди», - деди Уоллес.

Фото: Reuters

Нидерландия бош вазири Марк Рютте сафарбарлик буйруғи Кремлдаги ваҳиманинг аломати эканлигини, буни Ғарб билан тўлақонли уруш таҳдиди деб қабул қилмаслик кераклигини айтди. 

«Сафарбарлик, Донбассда референдумлар ўтказишга чақириш – буларнинг барчаси ваҳима аломати. Унинг ядро қуроли тўғрисидаги иддаоси – буни аввал ҳам кўп марта эшитганмиз. Буларнинг бари бизга маълум иддаонинг бир қисми. Хотиржамликни сақлашни маслаҳат берган бўлардим», - деди у.

Украина президенти маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг фикрича, Россия президентининг ҳаракатлари – ўз муваффақиятсизликларини оқлашга уриниш.

«Уруш Россия сценарийси бўйича кетмаяпти, бу Путиндан сафарбарлик тўғрисидаги охирги қарорни ва одамлар ҳуқуқларини кескин чеклашни талаб қилди», - деди Подоляк.