— Болалигим эртаклардагидек ўтган деёлмайман. Бахтим тўкис бўлган, дейишдан ҳам йироқман. Айта оладиганим — онам бор эди. Дардкашим бор эди. Ҳимоячим — укам бор эди. Уларнинг борлиги ўзи бир бахт эканлигини тушуниб етяпман, — дея ўз ҳикоясини бошлади Мадина (исм ўзгартирилган).

Ёшлигимда онамга жуда раҳмим келарди. Тунни тун, кунни кун демай ишлар эди. Отамнинг нима иш қилишларини ҳатто билмасдим. Билганим — узоқ вақт йўқ бўлиб кетарди. Оддий қилиб айтганда, биз отамни жуда кам кўрардик.

Онам бозорда пиёз сотарди. Бармоқларининг атрофлари қорайиб кетарди. Йиғлаб-йиғлаб тирноқларини олиб қўярдим. Йиғлаганимни билдирмаслик учун бошимни эгиб олардим. Ўша дамларда отамни ёмон кўриб кетардим, онамга шунақанги ичим ачишардики, буни таърифлаб беролмайман. Топган пулларидан квартира ҳақини тўлар, бизларни кийинтирар, едириб-ичирар эди.

Оғир меҳнатдан, отамнинг ситамларидан ҳам мен буни кейинчалик билганман, онам жуда эзилиб, қариб кетганди. 7 акаси ва 3 опа-сингиллари бор эди. Тоғаларим ўзига тўқ, бадавлат одамлар эди. Бизларни боқиш, рўзғор тебратишдан қийналиб қолган вақтлари ойимга савол бердим:

— Нега тоғамлар бой-бадавлат, нега бизга ёрдам бермайди, нега холаларим келишмайди?

Шунда онажоним:

— Қизим бу дунё — бир кам дунё, — дедилар. — Катта бўлсанг тушунасан.

— Отам нега кам келадилар?

— Уларнинг ишлари кўп.

— Нега бизга пул бермайди?

— Адажонинг савоб қилиш учун кетган.

Шу тариқа кунимиз ўтарди...

Биз катта бўлдик, укам онамнинг ёнига тушди. Ёрдам бериш учун бозорда юк туширар, тарвуз сотар эди. Акам эса унчалик ёрдам бермасди. Отам ҳақида ҳали ҳам кўп нарса билмасдим. Чунки онам отамни жудаям кучли ҳимоя қилардилар. Бизларга ҳеч ёмонламас, уришиб қолсалар ҳам билдирмас эдилар.

Кунларнинг бирида отам яна келди. Онам ҳеч нима билмагандек кутиб олдилар.

Мен «дада, қаерда юрасиз, нега биздан хабар олмайсиз, ҳеч нарса олиб келмайсиз?» — деб сўрадим.

Шунда онам юзимга бир шапалоқ тушириб, «отанг билан бу оҳангда гаплашма, сенга бу ҳуқуқни ҳеч ким бермади», дедилар.