Россия гази вақирлаб сизиб чиқаётган Болтиқ денгизида ҳарбий флот патруллик қилмоқда, армия ва полиция нефт ва газ иншоотлари атрофида хавфсизликни кучайтирмоқда, сиёсатчилар эса Европа Иттифоқи энергетика инфратузилмасига мисли кўрилмаган ҳужум учун жавобгарларни қаттиқ жазолашни ваъда қилмоқда.

Дания ва Швеция қирғоқлари яқинида «Шимолий оқим»нинг учта қувурини бирданига ким портлатганини яқин орада билмасак керак. Европаликлар қўпорувчилик ҳаракати содир бўлганига ишончи комил, бироқ яқин ҳафталарда портлаш содир бўлган жойларга яқинлашиш ҳам имконсиз эканини айтишмоқда.

Воқеа содир бўлганидан уч кун ўтгач, шикастланган қувурлардаги газ 80 метр чуқурликдан сув юзасига чиқиб, бир километр диаметрли майдонда пуфакчаларга айланяпти. Дания ва Швеция расмийларининг таъкидлашича, ҳозирда ўчирилган, аммо тўлдирилган «Шимолий оқим» қувуридаги газнинг ярми аллақачон буғланиб кетган. Сизиб чиқиш кўлами ҳафта охиригача камаймайди.

Беш мил радиусдаги ҳудуд навигация учун ёпилган, Германия ва Дания ҳарбий кемалари унинг атрофида патруллик қилмоқда.

«Портлаш жуда кучли эди, шу туфайли у ерга шўнғишимиз учун бироз вақт керак бўлади», деди Дания мудофаа вазири Мортен Бёдсков. - Аслида, у ерда ҳамма нарса тинчланиши ва биз кўздан кечириш имконига эга бўлишимиз учун бир ёки икки ҳафта вақт керак».

Борнҳолм оролидаги сейсмограф биринчи ва иккинчи «Шимолий оқим»да душанба куни соат 00:03 ва соат 17:00 да икки портлашни қайд этган.
GERMAN CENTRE FOR GEORESEARCH

Икки кун аввал учта давлат расмийлари газ қувуридаги портлашлар саботаж экани, бахтсиз ҳодиса бўлиши мумкинмаслиги ҳақидаги хулосага келишган эди. Дания мудофаа вазири буни тасдиқлади.

«Бу тасодиф эмас. Ҳаммаси режалаштирилган, пухта режалаштирилган эди», деди Бёдсков.

Диверсия ёки авария? «Шимолий оқим» қувурининг бирданига учта жойидан газ сизиб чиқмоқда

Бу кимга фойда?

Россия Европага тортилган йирик ва энг янги газ қувурини йўқотди. Тўғри, унинг бир қисмига ҳали Германия томонидан сертификат берилмаган, Кремль эса Европа Иттифоқига қарши «газ уруши» доирасида иккинчисини ёпиб қўйганди. Бу билан Украинага қилинган босқин учун киритилган санкциялар бекор қилинишига эришмоқчи бўлганди.