Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-август ойларида уй-жой нархлари Тошкент шаҳрида 13 фоизга, республика бўйича 7 фоизга қимматлаган. Марказий банк таҳлилларига кўра, жорий йилнинг I чорагида бирламчи бозордаги нархларнинг ошиши 4,6 фоизни, II чоракда 2,4 фоизни, иккиламчи бозордаги нархларнинг ошиши I чоракда 10 фоизни, II чоракда 2 фоизни ташкил этган.

1 июль ҳолатига, ҳудудлар кесимида бирламчи бозордаги уй-жой нархларининг энг баланд ўртача қиймати Тошкент шаҳри (1 кв метр учун 9 млн 9 минг сўм), Самарқанд (8 млн 16 минг сўм) ва Тошкент (5 млн 568 минг сўм) вилоятларида, энг паст нархлар эса Хоразм (3 млн 168 минг сўм), Жиззах (3 млн 495 минг сўм) ва Сирдарё (3 млн 557 минг сўм) вилоятларида қайд этилган.

1 сентябрь ҳолатига, ҳудудлар кесимида иккиламчи бозордаги уй-жой нархларининг энг баланд ўртача қиймати Тошкент (1 кв метр учун 836 доллар), Самарқанд (568 доллар) ва Навоий (475 доллар) шаҳарларида, энг паст нархлар эса Нукус (305 доллар), Жиззах (310 доллар) ва Гулистон (311 доллар) шаҳарларида қайд этилган.

Нима учун уй-жой нархи кескин ошиб кетди?

Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда кўчмас мулк нархи кескин қимматлашди. Масалан, 2018 йилда давлат экспертиза хулосасига кўра, кўп квартирали уй-жойларнинг 1 м кв нархи 3 млн 982 минг сўмни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 9 млн сўмдан юқори. Бунга бир қанча омиллар таъсир қилган бўлиши мумкин.

Биринчидан, асосий қурилиш материаллари нархининг ошиши. Хусусан, 2017 йилда цементнинг 1 тоннаси 135 минг сўмни, 2018 йилда 305 минг сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 27 сентябрь ҳолатига биржа савдоларида 1 тонна цемент 602 минг сўмдан сотилмоқда.

Шунингдек, валюта сиёсатини либераллаштириш натижасида импорт қилинадиган қурилиш материаллари ва анжомлари нархининг қимматлашиши ҳам уй-жой қурилиши нархларининг кўтарилишига таъсир ўтказган.

Иккинчидан, урбанизация жараёнининг кучайиши. Охирги йилларда урбанизация рағбатлантирилмоқда, шаҳарлашув кенгаймоқда. Туман ва вилоят марказлари, шунингдек, пойтахтнинг ҳам кенгайиши контекстида уй-жойга талаб ортиши юз бермоқда. Агарда урбанизация Ўзбекистонда аввалроқ бошланганда эди, талаб ҳам аввалроқ ошган бўларди. Ҳозир урбанизация билан боғлиқ йиғилиб бораётган талабнинг қондирилиши фонида кўчмас мулк нархлари кескин ошиб кетди.