Украина қуролли кучлари Донецк областидаги Лиман шаҳрини қайтариб олди. Россия мудофаа вазирлиги ушбу шаҳар устидан назорат бой берилганини тан олди ва бу Рамзан Қодиров ҳамда Россиядаги урушнинг бошқа тарафдорлари томонидан кескин танқид қилинмоқда.

Сўнгги кунларда Лиман шаҳри атрофидаги аҳоли яшаш манзилларини назоратига олган Украина қуролли кучлари 1 октябр куни, Украинанинг босиб олинган ҳудудлари Россия томонидан расман аннексия қилинганидан кейинги куни Лиман шаҳрига киришди.

Кун аввалидаёқ украиналик ҳарбийлар шаҳарга кира бошлагани акс этган видео ва фотолар тарқалди. Украина президенти офиси раҳбари Ондрий Ермак ўз твиттерида украин ҳарбийлари шаҳарга киришдаги стелага мамлакат байроғини илаётгани акс этган видеони жойлаштирди.

Бошқа бир видеода эса украин ҳарбийси шундай дейди: «Welcome to Лиман». У бу видеони шаҳарга жанубдан, Ямпил томондан кириб келадиган темирйўл кўприги устида турган ҳолда олган.

Кўп ўтмай россиялик ҳарбий мухбирларнинг телеграм-каналларида ҳам Россия армияси Лиманни тарк этган  бўлиши мумкинлиги ҳақида ёза бошлашди.

Лиман атрофидаги украин жангчилари

Кун охирига келиб Россия мудофаа вазирлиги Лиман бой берилганини расман тасдиқлади.

«Йўқотишларга қарамай жонли куч ва воситаларда сезиларли устунликка эга бўлган рақиб захираларни ишга солиб бу йўналишда ҳужумларни давом эттирди. Қуршов хавфи юзага келгани туфайли иттифоқчи қўшинлар Қизил Лиман аҳоли яшаш манзилидан янада афзалроқ маррага олиб ўтилди», дея маълумот берди РФ мудофаа вазирлиги расмийси Игорь Конашенков. Россия ҳарбий идораси «иттифоқчи кучлар» деб «ЛХР» ва «ДХР» ҳарбийларини назарда тутади (ушбу ҳудудларнинг аннексия қилиниши жараёни кейинги ҳафтада қонунчиликда расман ифода этилиши керак). Конашенков одатда Лиманни унинг советча номи билан атайди.

Россия армияси айнан қайси «афзалроқ марра»га олиб кетилганига аниқлик киритилмаган.

Украин расмийлари бундан бир неча соат олдин ҳам шаҳарда жанглар давом этаётганини маълум қилганди. Аммо кейин ижтимоий тармоқларда Украина қуролли кучлари Лимандаги марказий майдонда туриб баёнот берган видео тарқалди. Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Кирилл Тимошенко ҳам бу видеони ўз саҳифаларига жойлаштирди.